Тез-тез ер қимирлаши катта зилзила бўлишини англатадими?

Албатта, зилзила жуда жиддий табиий офатлар қаторига киради ва қайта-қайта такрорланавериши кишида ҳадик ўйғотади.
Ўзбекистон аҳли сўнгги бир ҳафта давомида уч бор сезиларли зилзилани бошдан кечирди. Албатта, табиатнинг бу ҳодисаси қайталанавериши кишини ўйга толдиради. Ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бундай табиий офатни яқин тарихни бошдан кечирган кўпчилик юртдошларимиз яхши эслагани боис дилларда қўрқув ҳисси туғилишини ҳам тўғри англаш лозим.
Дастлаб 4 май куни магнитудаси 4,3 баллга тенг бўлган зилзила Тошкентдан узоқлиги 143 километр масофада қайд этилган бўлса, кеча, 9 май куни 3 балли ер қимирлаши бутун республикани хавотирга солди. Охирги зилзила бугун, 10 май куни соат 19.10 да содир бўлди. Шукрки бу зилзилаларнинг барчаси беталафот ўтди.
Албатта, зилзила жуда жиддий табиий офатлар қаторига киради ва қайта-қайта такрорланавериши кишида ҳадик ўйғотади. Айримлар бундай пайтда тез орада жуда қаттиқ ер қимирлаши бўлишини айтиб, нотўғри хабар тарқатишга уринишади. Тарихда кечган ва унутилмаган зилзилаларнинг даҳшатли оқибатларини яхши билганларнинг айримлари бу гапларга ишониб ваҳима кўтара бошлайдилар.
Аввало шуни таъкидлаш лозим, фан-техника ўта ривожланган асримизга келиб ҳам шу пайтга қадар ҳеч бир мослама, ҳеч бир олим ёки илмий жамоа зилзилани олдиндан башорат қилиб бера олган эмас.
Яна бир муҳим жиҳат — магнитудаси паст ва безарар зилзилаларнинг қисқа муддатда узлуксиз такрорланиши олимлар томонидан ижобий ҳолат, дея баҳоланган. Чунки мана шундай кам кучли зилзилалар натижасида ер остидаги таранглик пасаяди, катта зилзиланинг кучи бўлинади.
Демак бу зилзилалардан ваҳимага тушиш ярамайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter