«Мутлақо оқлаб бўлмайди» — бухоролик масъуллар болаларни калтаклаган ўқитувчи ҳақида
![«Мутлақо оқлаб бўлмайди» — бухоролик масъуллар болаларни калтаклаган ўқитувчи ҳақида](https://xabar.uz/static/crop/2/6/920__95_2609112508.jpg)
Ижтимоий тармоқларда «Феодалча дарс ўтиш услуби - Бухоро» сарлавҳаси остида видео-хабар тарқалди.
Унда Бухоро шаҳридаги 4-ИДУМ (ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби) бошланғич таълим ўқитувчиси Мунира Воҳидованинг ўқувчиларни ургани ҳолати ҳақида сўз борган. «Xabar.uz» мухбири ҳолатни ўрганди.
Ўрганувга кўра, бошланғич таълим ўқитувчиси Мунира Воҳидованинг ушбу ихтисослашган мактабда 2013 йилдан буён фаолият юритиб келган ва у айни пайтда мактабнинг 4 «Д» синф ўқувчиларига сабоқ бериб келмоқда.
Билдирилишича, мактабда 1400 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Бундан илгари мактабда бундай ҳолат юзага келмаган. Бироқ, айнан шу ўқитувчининг муомаласи юзасидан айрим ота-оналар томонидан эътирозлар кузатилган.
«Бу ўқитувчимиз 2018 йилдан буён мактабда фаолият юритиб келмоқда. Ўз фаолиятини етакчиликдан бошлаган. Унинг изланишларини инобатга олиб, 5-6 йилча илгари ўқитувчилик вазифасини берганмиз. Воҳидова ўзига юклатилган вазифани ижобий бажариб келган, жуда талабчан, қаттиққўл. Лекин шунга қарамасдан, унинг муомаласи юзасидан бир нечта ота-оналар томонидан эътирозлар кузатилганди. Бу юзасидан ўқитувчининг ўзи билан муҳокама қилганмиз»,—дейди мактаб директори Зубайда Ражабова.
![](https://xabar.uz/static/uploads/56/720__8mTuXXud6pu9abFBemIHmCukMymnR2Ai.jpg)
Мактаб директорининг билдиришича, бундан бир неча кун илгани ушбу синфда таълим олиб келаётган ўқувчилардан бирининг ота-онаси фарзандига қўнғироқ қилиб, айни вақтда дарс соатлари тугагани ва уни уйга олиб кетишини айтган. Бироқ, бола ўқитувчиси Мунира Воҳидова томонидан «Korzinka.uz»га (мактаб ва савдо мажмуаси оралиқ масофаси камида 400-500 метрни ташкил қилади) юборилгани ва у ердан мактабга энди қайтаётганини билдирган. Боласидан хавотирланган ота-она зудлик билан мактабга етиб келган ва ўқитувчи устидан мактаб маъмуриятига шикоят қилган.
«Ҳақиқатан ҳам ўқитувчининг ўқувчиларни ўз шахсий масаласига бириктириши, уларни якка ҳолда мактаб ҳудудидан чиқаришга ҳақи йўқ,—сўзида давом этади мактаб директори, - Бундан ташқари, мактабда ҳеч қачон уриб, тарбиялаш керак эмас. Бу педагогика соҳасига мутлақо тўғри келмайди. Ҳолат юзасидан менга айтишларича, ўқитувчи ўқувчилардан ёзма иш олган. Ёзма иш натижалари яхши чиқмагач, у шундай ва умуман ўқитувчига хос бўлмаган ноўрин йўл тутган. Ўқитувчининг уриб жазолаган ўқувчилари орасида айнан ўша - «Korzinka.uz»га бориб келган бола ҳам бўлган. Бу эса ҳар қандай ота-онани ҳам жаҳллантиради»,— дейди Зубайда Ражабова.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, мактабда 90 дан ортиқ камералар бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати ёзиб олинади. Ва айнан Мунира Воҳидованинг бир нечта ўқувчиларни уриб жазолаши ҳолати ҳам ушбу синф камераси «нишон»идан жой олган.
Маълум бўлишича, ушбу ўқувчининг ота-онаси фарзандини бошқа мактабга олиб кетишини билдирган. Мактаб директори эса ўқитувчи билан боғланиб, такрорий хатоси учун ўқувчининг ота-онасидан кечирим сўрашини талаб қилган. Афсуски, ўқитувчидан ўқувчисининг ота-онасига нисбатан «билганини қилсин!» –деган қўпол жавоб қайтарган. Бу эса ота-оналарни жаҳллантирган ва ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган.
«Xabar.uz» мухбири вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоевадан ҳолат юзасидан муносабатини сўраган.
«Мен ўқитувчи ва ўқитувчиларнинг ўзи билан юзма-юз суҳбатлашмай туриб, бир нима дейишим қийин. Ҳамма ҳолатни чуқур ўрганамиз. Бироқ, бу ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи бўлса-да, ота-онанинг бу тасвирни ижтимоий тармоқларга тарқатганини оқламайман. Худди шунингдек, ўқитувчининг ҳам ёнини олмоқчи эмасман. Ваҳоланки, ўқитувчи педагогга хос бўлмаган мутлақо нотўғри йўл тутган. Унинг ҳам болани уриб тарбиялаш ҳаракатини умуман оқлаб бўлмайди. Аммо, ота-онанинг бир ўқитувчининг ноўрин ҳатти-ҳаракати туфайли бутун бошли таълим тизимини обрўсизлантиришга ҳаракат қилиши ҳам яхши бўлмади»,— деди Дилфуза Мустафоева.
«Ҳозирда ҳолат Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан тегишли тартибда қайддан ўтказилди ва ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ҳаракатлари бошланди. Аризачиларнинг даъвоси, яъни аризаси билан боғлиқ ишлар ўрганилади. Ва шундан сўнг ҳолат юзасидан батафсил муносабат билдирилади»,—деди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter