59 нафар банк мансабдори жазоланди
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши таҳлил қилинганда, айрим банкларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарори билан тасдиқланган «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури ташаббускорларини танлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тўғрисидаги Низомга асосан, тижорат банкларининг мансабдор шахслари тадбиркорнинг кредит олиш учун аризасини 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, кредит (лизинг) ажратиш ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.
Бироқ Сурхондарё вилоятидаги 59 нафар тижорат банки мансабдор шахси ушбу талабга риоя қилмаган. Уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида 108 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаган.
Мисол учун, Узун туманидаги банк раҳбари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйган. Хусусан, мансабдор шахс Узун туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг кредит ажратиш ҳақида Ягона электрон платформа орқали йўллаган аризасини белгиланган 5 кунлик муддатдан 38 кун кечиктириб кўриб чиққан ва кредит ажратиш тўғрисида хулоса берган.
Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter