Адвокатга пичоқ билан ҳамла қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди — Бош прокуратура
Қуйи Чирчиқ туманидаги «Haqiqat izlab» адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Джумановга ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида пичоқ билан ҳамла қилиниб, тан жароҳати етказилгани хабар қилинганди.
Мазкур хабарга нисбатан Бош прокуратура муносабат билдирди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2020 йил 3 март куни «Haqiqat izlab» адвокатлик бюроси адвокати Р.Джуманов тумани прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу йилнинг 2 март куни ўз хонасида ўтирган вақтида фуқаро У. Ж. келиб «сен нима учун назорат тартибидаги ишга шикоят ёзасан, сен ароқ ичиб олгансан» деб, пичоқ билан қўрқитгани, (пичоқни) тўсиб олмоқчи бўлган пайтда қўли ва юз қисмига тан жароҳати етганини важ қилиб, унга (У.Ж.га) нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро У. Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси («Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш») 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter