Болалар ҳуқуқлари ва зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилиш кучайтирилди
Президент томонидан болалар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш ва тазйиқ ҳамда зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун имзоланди.
Ҳужжат билан 2 та кодекс ва 4 та қонунга муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Қонунга мувофиқ, «боланинг энг устун манфаатлари» тамойили Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ва «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларга киритилди. Мазкур тамойил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ бўлиб, болага оид барча қарорларда унинг манфаатларини биринчи ўринга қўйишни назарда тутади.
Шунингдек, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари жабрланганлар манфаатларини кўзлаб давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлади.
Эндиликда реабилитация марказига жойлаштирилган жабрланувчиларнинг иш жойи (лавозими) сақлаб қолинади. Шунингдек, уларга бир ойгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос яратилди.
Бу орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан тегишли нафақалар тайинланиши ҳамда уларнинг оғир ҳаётий вазиятда даромадсиз қолишининг олди олиниши белгиланди.
Қонун билан давлат божи бўйича имтиёзлар ҳам кенгайтирилди. Энди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.
Маълум қилинишича, 2024–2025 йиллар ва 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида реабилитация марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Инсон» марказлари томонидан судларга 1 413 та ариза киритилган. Янги қонун мазкур тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter