«Бизнесим аслида депутат Расул Кушербаевга тегишли эмиш»... Бош прокуратура қидирувдаги тадбиркор мурожаати бўйича баёнот берди

2020 йил 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда «Прокуратура туҳматларидан чарчадим. Менинг бизнесим аслида депутат Расул Кушербаевга тегишли эмиш» сарлавҳасида қидирувдаги янгийўллик тадбиркор Б.Қ.нинг мурожаати такроран тарқалди, дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Қайд этилишича, бундан аввалроқ Бош прокуратура томонидан айни шу турдаги, бироқ бир муддат олдин қилинган арзнома юзасидан батафсил ўрганиш ишлари ўтказилган ва бу тўғрисида расмий баёнот берилган.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги «Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари» МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари асосида 24.01.2020 йилда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган.
Тергов давомида ушбу жамият раҳбари Ж.З. акаси Б.Қ. билан жиноий тил бириктириб, балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган 11,8 гектар ер майдонидан 600 млн. сўмлик 57,2 минг куб.метр қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда сотиб юбориб, талон-торож қилганлиги, бу орқали давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.
Шу сабабли Ж.З.га ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, ишнинг унга нисбатан қисми 04.05.2020 йилда жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судига юборилган.
Айбланувчи Б.Қ.га эса, терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят иши Бош прокуратурада ўрганилганда иш бўйича депутат Р.Кушербаевга оид бирон-бир масала муҳокама қилинмаганлиги, унга алоқадор маълумот тўпланмаганлиги ёки у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилмаганлиги баён қилинган.
Бош прокуратура ходимлари томонидан Ж.З. билан холис ўтказилган суҳбат давомида у терговда ундан Р.Кушербаев ҳақида ҳеч қандай маълумот сўраб-суриштирилмаганлигини, у ҳақида савол берилмаганлигини, унга қарши кўрсатма бериш талаби билан тазйиқ ўтказилмаганлигини билдирган.
Р.Кушербаев билан Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда баён этилган ҳар бир маълумот марказий маҳкаманинг ўзида ишга алоқадор шахсларни жалб қилган ҳолда, тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш йўли билан тўлиқ текширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter