Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буёғи нима бўлади: Гулжаҳон Йўлдошева озодликка чиқариладими?

Буёғи нима бўлади: Гулжаҳон Йўлдошева озодликка чиқариладими?

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олинишига оид шов-шувлар янги босқичга чиқди.

Айниқса, воқеликка Сенат раиси, шунингдек қатор давлат ва жамоат арбоблари, жумладан Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирганидан кейин жамоатчиликда битта савол туғилгани рост: бу ёғи нима бўлади, бош шифоркор озодликка чиқадими?

Бу борада аниқ гап айтиш қийин, албатта. Чунки, бу суд ваколати доирасига кирадиган масала. Бироқ воқелик бўйича билдирилаётган муносабатларда асосий эътибор прокуратурага қаратилаётир. Тўғри, жиноят иши прокуратура томонидан қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ҳам шу орган томонидан олиб борилмоқда. Шунингдек, Г. Йўлдошевага нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чорасини қўллаш ташаббуси ҳам прокуратурага тегишли. Аммо айбланувчи суд ажримига асосан қамоққа олинган! «Қамоққа олиш» эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати прокуратурадан судга ўтказилганига оз вақт бўлгани йўқ. Демак, олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси бўлган бош шифокорни ҳибсда сақлаш масаласида охирги нуқтани суд қўйган. Уни очиққа чиқариш ҳам суд ваколатидаги масала экани ҳам ўз-ўзидан аён.

Прокуратура судга босим ўтказган бўлиши мумкинми?

Бу саволга «ҳа!» дея баралла жавоб бериш қийин. Биринчидан, бунга инкор этиб бўлмас далилнинг ўзи йўқ. Қолаверса, айни саволни бирорта судьяга берсангиз оғзингиздан чиққанини ёқангизга ёпиштириши мумкин: нималар деяпсиз, суд – мустақил орган, фақат ва фақат қонунларга асосан ишлайди! Бундай жавоб эса навбатдаги саволни туғдиради: аёлларга нисбатан қонунчиликда енгилликлар йўқми, хусусан, олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онасига?

Мазкур савол жавоби жиноят иши тафсилотлари очиқланишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ айни пайтда бунинг иложи йўқ. Зеро, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Айни жараёнда айбловларнинг муҳокама қилинишига қонун изн бермайди. Қолаверса, асосий баҳс-мунозаралар Г. Йўлдошевага нисбатан эълон қилинган айбловлар ҳақида эмас, балки унга нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси хусусида кетмоқда.

Г. Йўлдошева эса жорий йилнинг 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Чирчиқ шаҳар суди ажримига асосан қамоққа олинган. Унга нисбатан қўлланган эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича берилган апеллация шикояти эса 14 сентябрь куни ЖИБ Тошкент вилояти судида рад этилган. Демак, эҳтиёт чорани ўзгартириш масаласида прокуратурага эмас, судга мурожаат қилиш талаб этилади. Олинда яна бир инстанция – Олий суд бор.

Эслатиб ўтамиз, Г. Йўлдошевага нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси масаласида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г. Маруфова жиддий ташвиш билдирган бўлса, Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Бош прокуратура расмийларига «...айбланувчининг очиқда қолдирилиши дастлабки терговга ҳалал бермайдиган бўлса», унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини гаров, шахсий кафиллик ёки уй қамоғи тарзидаги, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартиришни тавсия қилгани хабар қилинганди.

Айни пайтда ҳибсда сақланаётган Гулжаҳон Йўлдошева Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори вазифасида ишлаб келган пайтда бир фуқаронинг COVID-19дан вафот этишига сабабчи бўлишда ва 250,8 млн сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинишида айбланаётганидан хабарингиз бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг