ДХХ ва ИИВ қўшма операциялар ўтказмоқда
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида мамлакатимизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг 20 январидан бошлаб кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс шартли харидорга 200 грамм “гашиш” моддасини 50 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тадбир давомида мазкур шахс сотувдан тушган пул маблағининг 6,9 миллион сўмини 1989 йилда туғилган ҳамшаҳарига бергани аниқланиб, у ҳам қўлга олинди. Унинг ёнидан қўшимча равишда 500 грамм “гашиш” моддаси олинди. Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Бекобод тумани ҳудудида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда “Cobalt” русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахснинг ёнидан 600 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси олинди.
Аниқланишича, у мазкур гиёҳвандлик воситасини Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ доллари ва 5 миллион сўмга харид қилган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, наркосавдогарнинг яшаш манзилидан 1 килограмм 47 грамм “опий”, шунингдек, унинг икки нафар жиноий алоқаларидан 335 грамм “опий” моддаси олинди.
Маълум бўлишича, мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган. Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter