Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғона водийси – контрабанда тамаки маҳсулотлари савдоси бўйича рейтинг етакчиси

Фарғона водийси – контрабанда тамаки маҳсулотлари савдоси бўйича рейтинг етакчиси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йил бошида 2024 йилдаги макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ривожланишни таъминлашнинг устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда яширин иқтисодиёт туфайли давлат бюджетининг йўқотишларини рақамларда эълон қилди. Бу рақам 30 трлн сўм ($2,4 млрд)ни ташкил қилди. Ушбу маблағ аҳолининг заиф қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашга, мактаблар қурилиши ва реконструкция қилинишига, тиббий муассасаларнинг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиши ва бошқа хайрли мақсадларга йўналтирилиши мумкин эди.

Ноқонуний бизнес соҳалари ичида етакчи мақомлардан бирини тамаки маҳсулотлари контрабандаси эгаллайди. Ҳар йили ноқонуний сигаретлар савдоси туфайли мамлакат давлат бюджети бир неча миллиард сўмга тенг зиён кўради. Чунончи, масалан, 2023 йилда республика давлат бюджети триллион сўм солиқ тушумларини бой берди.

Жорий йилнинг биринчи олти ойида давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ҳақида яқинда эълон қилинган ҳисоботда кўрсатилишича, даромадлар 115,9 триллион сўмни, харажатлар эса 149,8 триллион сўмни ташкил қилган. Бюджет дефицити 34 триллион сўмга етган. Солиштириш учун: 2023 йил биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 26,8 трлн сўмни ташкил қилганди, яъни бир йилда 27% га ўсган. Агар тамаки маҳсулотлари экспортчилари ва сотувчилари ўз фаолиятларини қонунга мувофиқ юритганларида, Ўзбекистон хазинаси уларнинг ноқонуний ҳаракатлари туфайли улкан миқдорда зиён кўрмаган, бюджет дефицити кескин қисқарган бўларди.

Бироқ мамлакат олдида ноқонуний тамаки бозори муаммоси ҳали ҳам жуда ўткир бўлиб турибди. Республикада унинг улуши, жорий йил март ойи ҳолатига, 15,3% ни ташкил қилади. Энг кўп ва тез-тез контрабанда тамаки маҳсулотларини сотувчи энг «қонунга бўйсунмас» ҳудудлар – бу Фарғона водийси вилоятларидир. Контрабанда савдоси бўйича етакчи неча йилдан бери Наманган бўлиб келмоқда (47,8%), Унинг кетидан Фарғона (35,4%) ва Қўқон (31,9%) жой олади. Рўйхатни Андижон (19,1%) ниҳоялайди. Фарғона водийсида ноқонуний тамаки бозорининг умумий улуши бутун Ўзбекистон бўйича жами ҳажмнинг 30,1 фоизини ташкил қилади.

Рейдлар ва контрабанда маҳсулотини йўқ қилиш тўғрисидаги янгиликлар ахборот нашрларида мунтазам ва тез-тез кўзга ташланади. Чунончи, бу ойда Бош Прокуратура ходимлари, ИИВ вакиллари билан биргаликда, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ва Наманган вилоятининг Поп туманида текширув ўтказдилар ва акцизи бўлмаган тамаки маҳсулотларини сотишга уринган фуқароларни аниқладилар. Улардан чет элда ишлаб чиқарилган, акциз маркаси ва белгиланган намунадаги маркировкаси бўлмаган 2 215 қути сигарет мусодара этилди.

Шунингдек, шу кунларда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Бош Прокуратура ходимлари 1 850 қути ноқонуний «Milano» ва «Esse Change» маркали сигаретларни сотишга уринган тадбиркорларни қўлга олди.

Қонунбузарлик пойтахтда ҳам рўй бермоқда. Тошкентнинг Яккасарой туманида савдо нуқталаридан бирини сотувчиси харидорга контрабанда тамаки маҳсулотини сотишда қўлга тушди. Текширувдан кейин ундан акциз маркаси ва белгиланган намунадаги маркировкаси бўлмаган 1 198 қути сигарет олиб қўйилди.

Бу ва бошқа қўлга олишлар ҳақидаги кўплаб янгиликларга қарамай, юқорида келтирилган рақамлар кўрсатишича, Ўзбекистонда ноқонуний тамаки бозорига қарши кураш ҳали ҳам талаб даражасида эмас. Шу сабабли, назорат, қонунбузарларни аниқлаш ва жазолашга масъул тузилмалар ва идоралар яширин тамаки бозорини қисқартириш масаласини ҳал этишга баҳамжиҳат ва масъулият билан ёндашишлари лозим.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг