Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гулнора Каримовага оид навбатдаги «дело» судга юборилди. У яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланганди

Гулнора Каримовага оид навбатдаги «дело» судга юборилди. У яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланганди

Архив фото.

Ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида Гулнора Каримова ва бошқаларга нисбатан янги айбловлар эълон қилингани хабар қилинганди.

Унга кўра, Г.Каримова республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланганди. Бундан ташқари у фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўли билан уларнинг мулкларини ўзига тегишли  компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилиб келгани таъкидланади.

Шундан келиб чиқиб, Г.Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, янги очилган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилгани алоҳида қайд этилади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Г.Каримова ва бошқаларга нисбатан эълон қилинган янги айбловлар бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. Жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун айблов хулоса билан судга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Г.Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг