Ҳазорасплик ота фарзандига алимент ўрнига яшаб турган уйини ҳадя қилди
Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти Боғот туманлараро судининг 2026 йил 12 июндаги суд буйруғига асосан қарздор Р.А.дан ундирувчи Ж.М. фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадларининг 1/4 қисми миқдорида вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Ҳазорасп тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари, қолаверса, тарғибот ишлари натижасида алиментчи ота Бюронинг Ҳазорасп тумани бўлимига келиб, фарзандига тўланиши лозим бўлган алимент эвазига Урганч шаҳрида жойлашган 3-хонали уйини расмийлаштириб бериш истагини билдирган.
Шундан сўнг, томонлар ўзаро келишиб қарздор Р.А. томонидан ундирувчи фойдасига фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар тўланиши лозим бўлган алимент пуллари ҳисобига ўзининг номида бўлган Урганч шаҳрида жойлашган 3-хонали уйни ундирувчи Ж.М. номига нотариал тартибда расмийлаштириб берди ва ижро иши тамомланди.
Эслатиб ўтамиз, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 808-сонли қарори билан белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter