Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инглиз тили Тошкент халқаро молия марказининг расмий тили бўлади

Инглиз тили Тошкент халқаро молия марказининг расмий тили бўлади

Ўзбекистонда «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, марказ алоҳида белгиланган ҳудудда махсус ҳуқуқий режим асосида фаолият юритади.

Қонунда қайд этилишича, молия марказининг дастлабки чегаралари уни ташкил этишга оид Президент фармони билан белгиланади. Марказ томонидан қабул қилинадиган ҳар бир қарор эса кучга киришидан аввал расмий реестрда эълон қилиниши шарт.

Шунингдек, қонун талаблари ёки молия маркази қарорларига зид равишда тижорат ёки молиявий фаолият юритган иштирокчиларга йирик миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Жарима 10 миллион АҚШ долларидан ёки қоидабузарликка асос бўлган битим ёки фаолият қийматининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.

Конституциявий қонунга мувофиқ, молия маркази тузилмасига Кенгаш, Маъмурият, Молиявий хизматлар бошқармаси ҳамда Тошкент халқаро тижорат суди киради.

Марказнинг ҳар бир органи молия йили якунланганидан кейин тўрт ой ичида йиллик шаффофлик ҳисоботини эълон қилиши шарт.

Қонунга мувофиқ, инглиз тили Тошкент халқаро молия марказининг расмий тили этиб белгиланди.

Конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач кучга киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг