Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жиззахча тендерлар-2. Оилавий пудрат, бир неча юз миллиардлик давлат буюртмалари

Жиззахча тендерлар-2. Оилавий пудрат, бир неча юз миллиардлик давлат буюртмалари

Фото: Xabar.uz

Куни кеча тармоқда Жиззах вилояти ҳокими фармойиши ва уни бажариш вилоят раҳбари қизига тегишли корхонага юклатилгани билан боғлиқ хабарлар тарқалганди.

Кўп ўтмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур воқеа юзасидан баёнот берди. 

Telegramдаги «davletovuz» канали Жиззахдаги тендерлар билан боғлиқ янги тафсилотларни маълум қилди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Раҳмонқулов Акрам Бахритдинович Жиззах вилояти Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган тендер ва танловларнинг аксариятида комиссия раиси сифатида ваколатли шахс бўлган.

Блогер Жиззах вилоятида ижтимоий ва бошқа соҳаларга, қурилишларга оид очиқ маълумотлар асосида ўтказган суриштирувларига таяниб, вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Рахмонқуловнинг қариндошларига тааллуқли бўлган хусусий компаниялар аксарият давлат буюртмаларини ўзаро «тақсимлаб олган» бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда.

«Бу давлат буюртмалари қиймати бир неча юз миллиард сўмни ташкил қилади. Фамилия, исм ва шарифларни қараб чиқсангиз бўлди», деб ёзади блогер.

  1. Рахмонқулов Aкбар Бахриддинович 100% улушига эгалик қиладиган ҳамда Рахмонқулов Aлишер Бахриддинович раҳбарлик қиладиган J-Quruvchi МЧЖ, бизнинг хомчўтларимизга кўра, 120 млрд сўмдан ортиқ давлат буюртмаларини қўлга киритган. Бундан кўп ҳам бўлиши мумкин. Акбар Бахриддинович Рахмонқулов, шунингдек, данакли ва пўчоқли уруғи бўлган мевалар етиштириш билан шуғулланадиган «Qo'nish Bobo Maxsus Bog'lari» МЧЖ, бетондан қурилиш учун буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган «Zenatkor Temir Beton Buyumlari» МЧЖ (Бу корхонага Рахмонқулов Aдҳам Бахриддинович раҳбарлик қилади)нинг тўлиқ таъсисчисидир.
  2. Бaхриддинов Шухрaтжон Aкрaмович тўлиғича таъсисчи бўлган «Qurilish Ta'minoti» МЧЖ ҳам, бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, камида 80 млрд сўмлик давлат буюртмаларини тендер, танлов асосида «ютиб олган». Шухратжон Бaхриддинов, шу билан бирга, 1997 йилдан бери ишлаб келадиган «Kamol» хусусий корхонаси эгаси ҳамдир. Бу компания ҳам вилоятда катта қурилишлардаги иштироки билан кўпчиликка яхши таниш.
  3. Тошпулатов Ихтиёр Бахтиёрович тўлиқ таъсисчиси бўлган «Abduvohid Qurilish Ta’mir» МЧЖ ҳам Жиззах вилоятида анчагина давлат буюртмаларини олган. Очиқ маълумотлар асосида ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, ушбу компания 61 млрд сўмга яқин давлат буюртмаларини тендер, танлов ҳамда тўғридан-тўғри (манзилли дастурлар асосида) қўлга киритган. Бизга маълум бўлишича, Тошпулатов Ихтиёр Бахтиёрович ҳам она тарафдан Рахмонқуловларга қариндош бўлиши мумкин экан.
  4. Рахмонқулов Aлишер Бахриддинович тўлиқ эгалик қиладиган «Jizzax Savdo Lyuks» МЧЖ яшашга яроқсиз жойларни ижарага бериш ва бошқариш билан, унинг яна бир компанияси — «Ravon Yo'l Invest» МЧЖ эса тошни кесиш, унга ишлов бериш ва пардозлаш билан шуғулланади. Яъни бу оилага тегишли аксарият корхоналар қурилиш, қурилиш материаллари ва уй-жой соҳасига бевосита ва билвосита алоқадордир.

Юқорида қайд этилганидек, қурилиш бўйича айрим тендерларда Рахмонқулов Акрам Бахритдинович тендер комиссияси раиси бўлган. Боз устига, ўзаро афилланган компаниялар битта тендерда иштирок этган ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, 21 млрд сўмлик тендерда фақат «Abduvohid Qurilish Ta’mir» МЧЖ ва «Qurilish Ta'minoti» МЧЖ иштирок этган.

«Яна бир масала. Вилоят бўйича тасдиқланган манзилли қурилиш дастурлари (бир нечта)да юқоридаги компаниялар аллақачон ижрочи сифатида ҳам кўрсатиб ўтилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Қурилиш буюртмаларида бевосита иштирок этмаса-да, «Zenatkor Temir Beton Buyumlari» МЧЖ ҳамда «Ravon Yo'l Invest» МЧЖ давлат бюджетидан қурилаётган иншоотларда таъминотчилар сифатида иштирок этаётган бўлиши мумкин. Бу назарий тахмин. Буни фақат назорат органлари текшируви орқали аниқлаши мумкин, агар шунга хоҳиш бўлса, албатта. 

Маълумотлар очиқ манбалардан олинди. Қуйидаги жадвалда келтирилган рақамлар лотлардаги такрорлар ва барча давлат буюртмаларини тўлиқ ўрганиш имкони бўлмагани сабабли кўп ёки оз бўлиши мумкин», дейилади суриштирувда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг