Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мақсад шу: ҳамма «закўнчи» бўлиши шарт!

Мақсад шу: ҳамма «закўнчи» бўлиши шарт!

Ҳамма замондаям «закўнчи»дан ҳайиқилган. Айниқса, мансабдорлар! Чунки, «закўн»чи шунчаки одам эмас: қонунни, демакки, ҳуқуқини билади. Талабиям шунга яраша. Бундай тоифадаги одамлар ҳуқуқи кўндаланг бўлган пайтда андишанинг юзига қарамайди. Шунданми «закўнчи»ларга нисбатан ўзгачароқ қарашлар шаклланиб қолган бизда...

Бугунги давр ҳаммадан «закўнчи» бўлишни тақазо этмоқда. Бусиз илож йўқ, акс ҳолда, номингга ҳам, нонингга ҳам ўзгалар эга чиқиши мумкин. Қолаверса, фуқаролик жамиятининг талаби ҳам шу: ҳуқуқингни бил, мажбуриятингни унутма!

Фуқаровий-ҳуқуқий ёки иқтисодий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ҳал этиладиган манзил битта - суд! Судга мурожаат этишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Таассуфки, буни ҳаммаям билавермайди. Бу эса фуқароларга айни шу масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш бериш эҳтиёжи катта эканини кўрсатади.

Айни шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди «Судга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби» номли қўлланма тайёрлади. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланган мазкур қўлланмада фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, иқтисодий ҳамда маъмурий судларга ариза ёки даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда суд ҳужжатлари (қарор, ҳукм, ажрим ва. ҳ. к) устидан шикоят қилиш тартиби юзасидан батафсил тушунтириш берилган.

Шунингдек, судларга мурожаат қилишда муҳим бўлган жиҳатлар, яъни - давлат божи тўлаш тартиби ва миқдори, тақдим этилиши лозим хужжатлар ҳамда бошқа шу каби бошқа зарур маълумотлар тушунарли услубда баён қилинган. Ҳуқуқий тушунтиришлар содда кўринишдаги жадваллар, схемалар ва инфографикалар орқали ёритилган.

Энг асосийси, қўлланма судларга мурожаат қилувчи оддий фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, юридик шахслар вакилларининг монеликсиз судга мурожаат қилишини таъминлашга қаратилганидадир.

Ушбу қўлланма халқ қабулхоналари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул тарқатилади. Қўлланманинг электрон варианти Олий суднинг fib.oliy@sud.uz сайтига жойлаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг