Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийда сохта ИИБ ходими ушланди

Навоийда сохта ИИБ ходими ушланди

Иллюстратив фото

Навоийда ўзини ИИБ ходими деб таништирган шахс қўлга олинди. У бошқа бир шахсни ишга жойлаштириш эвазига йирик миқдорда пул ундиришни мақсад қилган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов маълум қилди.

Таъкидланишича, асли нуроталик 37 ёшли Р.Ю. бухоролик 35 ёшли Ж.М. билан танишиб, у жиянига иш излаб юрганидан ҳамда уни ички ишлар органларига ишга киритмоқчи бўлганидан хабар топган. Р.Ю. тоға ва жияннинг ишончига кириб, бундай масалаларни «хамирдан қил суғургандек» осон ечиб беришини билдирган. Ҳатто, ўзи ҳам ички ишлар органи ходими эканлигини айтган.

«Навоий вилояти ИИБ Тергов бошқармасига ишга киритиб қўяман. Аслида, бу тизимга ишга кириш осон эмаслигини биласиз. 5000 доллар эвазига ишни тез ва сифатли битириб бераман», — дея ваъда берган Р.Ю. бухоролик фуқарога.

Орадан бир неча кун ўтгач, телефон орқали суҳбатлардан бирида Р.Ю.  ишни «бошлаб юбориш» учун пул зарурлигини билдириб, Ж.М.га айтилган маблағни келтириб беришини сўраган. Ж.М. эса айни пайтда бунча миқдордаги маблағи йўқлигини айтган. Р.Ю. эса вақтни пайсалга солмай, «хамир учидан патир» 500 долларни етказиб беришни талаб қилган. 

Р.Ю.нинг ўзаро суҳбатлар давомидаги олди-қочди гаплари тоға-жиянларда шубҳа уйғотган. Ва улар алданиб қолишни истамай, Р.Ю. устидан ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлимига мурожаат қилишган.

Шундан сўнг ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилиб, гумонланувчи келишилган 5000 АҚШ долларидан 500 долларни олаётган пайтда қўлга олинган. Тадбир давомидаёқ, Р.Ю. ички ишлар тизимидан йироқ, мутлақо бошқа касб эгаси экани ошкор бўлган.

«Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, нафақат, ички ишлар ходимлари, балки бошқа соҳа мансабдор шахслари ҳам қонунларни четлаб ўтган ҳолда ИИОга фуқароларни ишга қабул қилиш ваколатига эга эмас. Шу боис, ўзини ички ишлар ёхуд бошқа орган ходими сифатида таништириб, ёрдам таклиф қилувчи сохта шахслар найрангига алданиб қолмаслик керак. Шу каби ҳолатларга дуч келганда, албатта, тегишли идора-ташкилотларга мурожаат қилиш энг тўғри йўл», — деди Фаёзжон Қосимов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг