Ўзбекистонда одил судловдан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди
25 ноябр куни Тошкентда Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан одил судловдан фойдаланиш имкониятларига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилди.
Европа Иттифоқининг юртимиздаги делегацияси, Буюк Британия, Швейцария, Германия элчихоналари ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ваколатхонаси ташкил этган тадбирда Ўзбекистон ҳукумати, Олий Мажлис, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) офиси, суд ҳокимияти, юридик ҳамжамият, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Одил судловдан фойдаланиш имконияти деганда, ҳуқуқлари бузилган шахснинг халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ, қулай, мустақил ва холис одил судлов институтлари орқали ҳуқуқий ҳимоя воситаларини излаш ва улардан фойдаланиш имконияти тушунилади.
«Одил судловдан фойдаланиш имконияти Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан муносабатларини тартибга солувчи иккита муҳим ҳужжат — Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда Умумлаштирилган имтиёзлар тизимининг (GSP+) муҳим таркибий қисмидир. Ушбу мажбуриятларнинг амалий ижроси фуқаролар ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келиши керак», — деди Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Марказий Осиё бўлими раҳбари Эва Палатова ўз нутқида.

«Одил судловдан фойдаланиш имконияти қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг асосий тамойилларидан биридир. Муваффақиятнинг асосий мезони шунчаки қабул қилинган қонунлар ёки ташкил этилган институтлар сони эмаслигини унутмаслигимиз керак. Энг муҳими, молиявий аҳволи, жинси ёки географик жойлашувидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қила олиши, адолатли суд муҳокамасидан фойдаланиши ва ҳуқуқлари бузилган тақдирда тегишли ҳуқуқий ҳимояга эга бўлишидир», — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл.
Одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқига бағишланган биринчи сессияда ҳар бир инсон мустақил ва холис судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнидаги ютуқлар кўриб чиқилди.
Иккинчи сессия халқаро инсон ҳуқуқлари қонуни ва стандартларини амалга ошириш ҳамда самарали ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Фуқаролик жамияти вакиллари одил судловдан фойдаланиш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш, жабрланган ҳамжамиятлар тажрибасини етказиш ва амалий ечимларни ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнаши таъкидланди.
Муҳокамалардан келиб чиққан асосий хулоса шундан иборат бўлдики, одил судловдан фойдаланиш имконияти қонунчиликда шунчаки кафолатланиб қолмасдан, амалда ҳам таъминланиши ва самарали бўлиши керак. Бунинг учун нафақат мустақил судлар ва адолатли суд жараёнлари, балки ҳамёнбоп юридик ёрдам, жабрланувчиларни самарали ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликни таъминлаш ва суд қарорларининг ижросини амалга ошириш ҳам зарур. Айниқса, аёллар ва заиф гуруҳлар дуч келадиган тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот ўрнида: Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ҳар йили 10 декабрда нишонланади. 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган эди. Ушбу сана умуминсоний ҳуқуқлар амалда ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ва таъминланиши зарурлигини эслатиб туради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter