Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Педофилларга умрбод қамоқ, шилқимларга кучайтирилган жазо — Президентнинг янги фармони қабул қилинди

Педофилларга умрбод қамоқ, шилқимларга кучайтирилган жазо — Президентнинг янги фармони қабул қилинди

Қамоқдан қочган педофилнинг қўлга олиниши.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Президентнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтириш назарда тутилмоқда.

Эндиликда шаҳвоний шилқимлик содир этган шахс 5 суткагача маъмурий қамоқ билан чекланиб, жазони “ўтириб чиқиш” орқали қутилиб қолмайди. Бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррар ва оғирроқ бўлади.

Фармон билан қуйидаги йўналишларда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш белгиланган:

Жиноят кодексига ўзгартишлар

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар томонидан қуйидаги оғир жиноятлар содир этилган тақдирда, умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда:

  • ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш.

Жиноят кодексининг 129-моддаси

Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилганда жавобгарликни кучайтириш, шунингдек амалиётдан келиб чиқиб модда диспозициясига аниқлик киритиш кўзда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар

Шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо санкцияларини ошириш режалаштирилган. Шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган, аммо маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд ҳолларда шахсларни жавобгарликка тортиш тартиби такомиллаштирилади.

Умуман олганда, мазкур чора-тадбирлар жамиятда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ва ҳуқуқий профилактикани кучайтиришда муҳим қадам бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг