Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Прокуратура «оқлов» билан келишмади — ҳукмга нисбатан протест берилди

Прокуратура «оқлов» билан келишмади — ҳукмга нисбатан протест берилди

Фото: «Xabar.uz»

Тўққиз яшар қизнинг қотиллигида айбланиб, суд томонидан оқланган А.Ҳамдамовага оид ҳукмга нисбатан протест берилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати бугун тарқатган баёнотда маълум қилинди.

Баёнотда «...тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмагани» ва «... ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмагани» алоҳида таъкидланади. Шу боис, жорий йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан вилоят судининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

Бош прокуратратура матбуот хизматига кўра: «вилоят суди томонидан оқланган судланувчининг «айбсиз» эканлиги ҳақида суднинг якуний ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб, хулоса қилишга ҳали эрта» ва «...асосан ҳимоя тарафи ва судланувчи кенг жамоатчиликка тақдим этаётган «тафсилотлар» асосида эҳтиросли хулосаларга келиш ноўриндир», «Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади».

Зеро, гап 9 ёшида ваҳшийларча қотилликнинг қурбони бўлган қизалоқнинг аянчли тақдири учун айбдорни сўзсиз жавобгарликка тортиш, бир норасида фарзанди ўлдирилган оиланинг изтироблари, жазонинг муқаррарлиги ва адолат тантанасига бўлган умиди ҳамда ишончи ҳақида бормоқда, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 июнь куни Андижон вилоятининг Асака туманида 9 ёшли норасида қиз ўта шафқатсизлик билан ўлдириб кетилади. Ушбу шов-шувли жиноят ишини Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси олиб бориб, жиноятни марҳуманинг қўшниси Асрорахон Ҳамдамова содир этган деб топади. Бироқ 10 ой умрини қамоқда ўтказган андижонлик А.Ҳамдамова оқланиб, суд залидан озод этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг