Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қарз аламида қўшнисининг «Дамас»ини ёқиб юборган шахс «кўпга тушди»

Қарз аламида қўшнисининг «Дамас»ини ёқиб юборган шахс «кўпга тушди»

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида яшовчи 21 ёшли фуқаро Б.З. қўшниси А.Б.да бўлган 7 миллион сўм миқдоридаги пулини ундириб ололмагани учун унинг «Дамас»ини ёқиб юборган. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобур Умаровнинг «Xabar.uz»га билдиришича, Б.З.нинг хатти-ҳаракатига нисбатан 70 миллион сўм бўйнига илинишидан ташқари, унга нисбатан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ҳолатга кўра, Б.З. ўзига тўқ хонадон фарзанди бўлиб, кўмакка муҳтож қўшниси А.Б.га ўз ихтиёри билан қарз эвазига уйида бўлган 110 бош товуқларнинг ҳар бирини 50 минг сўмдан жами 7 миллион сўмга келишиб сотган. А.Б. уйда боқиб келган бу товуқлар пулини 1 ойда топиб беришни ваъда қилган. Бироқ, А.Б. кейинроқ қўшниси Б.З.дан яна бироз муддат сўраб, келишилган пулни 2 ойдан кейин беришини айтган. 

Шу орада А.Б. қўшнисига 1 200 000 сўм берган ва қолган 5 800 000 сўм қарзни ҳам тез орада узишини билдирган. Бироқ, орадан 2 ой ўтмай туриб, товуқлар касаллана бошлаган ва бир нечтаси нобуд бўлган. А.Б. товуқларнинг 90 бошини сотиб, пул ишлаш ва қарзларни қоплаш мақсадида Россия Федерациясига ишлашга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бундан хабар топган Б.З. қўшнисининг отаси ва А.Б.нинг хотинидан қарзга берган пулларини талаб қилган. Кекса чол ва келини А.Б.нинг хорижга жўнаб кетгани, вазиятни унга айтишга улгурмагани, қарзларини, албатта,  қайтаришларини билдиришган.

Б.З. эса маст ҳолатда қўшнисининг хонадонига келган. Уларнинг дарвозахонасида турган «Дамас» русумли автомашина эшигини очиб, бензин сепиб, автомашинани ёқиб юборган. Ёнғин дарвозахона шифтигача кўтарилиб, унинг ҳам бир қисмига зарар етказган. Қўни-қўшнилар тўпланишиб, ўт ўчиришга уринишган. Бироқ, ўт ўчиришга фуқароларнинг кучлари етмай, ИИБ ҳамда  ўт ўчириш хизмати ходимларига хабар беришган.

«Қўшничилик, деб аямоқчи бўлдик-да, Б.З.ни. Афсуски, ёнғиннинг олдини ўзимиз ололмадик. Орадан анча вақт ўтгандан кейин орган ходимларини чақиришга мажбур бўлдик. Маҳалламиз учун Б.З.нинг хатти-ҳаракати яхши бўлмади», — дейишган қўшнилар.

Ўт ўчириш хизмати ходимлари етиб келишгунча, «Дамас» автомашинаси тўлиқ ёниб, кулга айланган.

«Бензин ёқилғиси ёрдамида атрофдагилар учун хавфли усулда автомашинани қасддан ёқиб юбориши натижасида «Дамас»нинг тўлиқ ва хонадоннинг қисман ёниб кетишига сабабчи бўлган Б.З.нинг автомашинага 56.957.000 сўм, дарвозахонанинг шифт қисмига эса 13.563.000 сўм, жами бўлиб 70.520.000 сўм миқдорда моддий зарар етказгани аниқланди. Айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 173-моддаси, 2-қисми билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди», — деди Бобур Умаров.

Ҳукм қонуний кучга киргач, Б.З. етказилган зарарни қоплаш мақсадида Бухоро вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига 70.000.000 сўм тўлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг