Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Савдодан сўнг чиқиндихонага айланаётган бозор маъмуриятига чора кўрилди

Савдодан сўнг чиқиндихонага айланаётган бозор маъмуриятига чора кўрилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятларда экологияни яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш ҳамда ўрмон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашга доир ўрганишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, вазирлик ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоят Экология бошқармаси, ИИБ ва Солиқ органлари масъуллари томонидан Хоразм вилоятида назорат рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида Хива шаҳрида жойлашган Деҳқон бозори ҳудудида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш ва ноқонуний чиқиндихона ташкил этиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Шунингдек, «Хива шаҳри Деҳқон бозори» АЖ маъмурияти томонидан бозор ҳудудида чиқинди тўплаш майдончаси ва махсус чиқинди қутилари ўрнатилмагани кузатилди.

Ҳолат юзасидан мансабдор шахс бозор АЖ раҳбари D.M. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК. нинг 91¹-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Суд органларига юборилди.

Шу билан бирга, ушбу деҳқон бозори ҳудуди «Эко кластер» МЧЖ санитар корхонасига бириктирилган бўлиб, бозор маъмурияти ва улар ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома мавжудлиги, бироқ маъмурият МЧЖдан 5 млн сўм миқдорида қарздор эканлиги маълум бўлди. Бозор маъмурияти раҳбари эса бу қарздорлик бартараф этилишини таъкидлади ва бозор ҳудудида чиқинди қутилари ўрнатилди.

Жараёнда Хива шаҳри Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан бозорда фаолият олиб бораётган сотувчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 787-сон қарорига кўра қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган махсус чиқинди қутиларининг мажбурий равишда ўрнатилиши лозимлиги бўйича тушунтириш берилди.

Маълумот учун, полигонларга жойлаштирилиши керак бўлган маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш мансабдор шахслар учун БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (7 млн 500 минг сўмдан 11 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Ушбу ҳолат бир йил давомида қайта содир этилса, БҲМнинг 30-50 баравари миқдорида жарима белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг