Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда 19 нафар маҳкум озодликка чиқарилди

Тошкентда 19 нафар маҳкум озодликка чиқарилди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 7 ноябрь куни пойтахтнинг тўртта тумани фуқаролари учун сайёр қабул уюштирилди. Президент Админстрацияси ва Президент халқ қабулхонаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, қатор вазирликлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари ҳозир бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, сайёр қабулда олий маҳкама раиси ўринбосари Х.Ёдгоров бошчилигида тизим судьялари иштирок этди.

Суд мутасаддилари томонидан шу куни жами 64 нафар фуқаро қабул қилиниб, 28 нафарининг мурожаати жойида ҳал этилганди, 22 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўн тўрт нафар мурожаатчининг аризалари Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Фото: «Xabar.uz»

Айни жараёнда сайёр суд мажлислари ўтказилиб, унда Тошкент шаҳар Яшнабод туманидаги 64/51-муассасасида жазо ўтаётган 16 нафар маҳкумнинг муддатидан аввал жазодан озод этишни сўраб берган аризалари кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 165-(товламачилик), 168-(фирибгарлик) моддалари билан судланиб, жавобгарликка тортилган уч нафар маҳкумнинг ҳам аризалари кўрилиб, етказилган моддий зарарлар қоплангани, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ва бошқа қонунда қонунда курсатилган енгилликлар инобатга олиб, уларга нисбатан тайинланган жазолар озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаганига алмаштирилди ва суд залидан озод этилди.

Фото: «Xabar.uz»

Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича судларга оид учта низо ҳам кўрилди. Уларнинг иккитаси никоҳдан ажратиш, биттаси бузилган уй-жой учун товон ундирилишига боғлиқ бўлиб, эр-хотинлар ярашганлиги, компенсация бўйича эса келишув битими тузилгани боис Олий суд томонидан айни фуқаролик ишлари иш юритишдан тугатилди. Шунингдек, маъмурий тартибда учта иш кўрилиб, икки нафар фуқаро маъмурий жаримадан озод қилинди, бир нафарига тайинланган жарима жазоси камайтирилди.

Олий суд матбуот хизмати алоҳида қайд этдики, қабулда муаммолари ҳал бўлган 28 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккур билдирди.

Сайёр қабуллар давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг