Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёш бола десанг – ҳоким, ҳоким десанг – ёш бола?!

Ёш бола десанг – ҳоким, ҳоким десанг – ёш бола?!

Иллюстратив фото

Мақолага «кириш-пириш» қилмай муддаога ўта қолсак.

Алқисса, сайтимизда «Бир ҳоким ва уч фермер «қиссаси» сарлавҳали мақола чоп этилганидан хабарингиз бор. Унда Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов учта фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномаларини бекор қилгани, унинг бу ҳақдаги қарори Олий суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилганига қарамай, амалдор қонундан «дарча» ахтариб, масалани аччиқ ичакдек чўзаётгани баён қилинганди.

Мақола чиққач, нима бўлди, денг?

Ҳоким мақолага «раддия» берибди. Хўп, яхши. Бироқ...

Қонунга кўра, мақола қайси нашрда чиқса, раддия ўша таҳририятга тақдим этилиши керак. Таҳририят уни (раддияни) чоп этса – хўп-хўп, акс ҳолда судга мурожаат қилишда ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ ҳоким негадир шу тартибни «айланиб» ўтиб, эътирозлари ўзи раҳбар бўлган ҳокимликнинг «телеграм»даги каналида эълон қилибди-да. Бундай хатти-ҳаракат «беркинмачоқ» ўйинини эслатади, холос. Ёки бундай ҳолатни ёш бола уйига кирволиб, дакки берган қўшнисининг хонадонига кесак отишига ҳам ўхшатиш мумкин... Кулгили.

Эътирозингиз бўлса, марҳамат, ҳоким бува, сайт эшиклари сиз учун ҳам очиқ, тортинишга ҳожат йўқ. 

«Раддия»да мақолада қаламга олинган ҳолатлар тўппа-тўғри, хатоликдан биздан ўтибди, узр, дейилмаган, албатта. Аксинча, уч фермернинг кейинги икки йилдаги кўрсатгичлари келтирилиб, Олий суд қарорида «ер майдонини қайтариш кўзда тутилмагани»га урғу берилади. Қизиқ, суд ҳокимнинг фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаларини бекор қилиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топяпти. Ҳоким эса айни қарори билан ер майдонларини олиб қўйган. Ҳоким қарори суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилибдими, бу ўз-ўзидан шу ноқонуний қарор асосида олиб қўйилган ер майдонлари фермерларга қайтарилишини англатади.

Бунинг учун катта ақл шарт эмас.

«Раддия»да фермер хўжаликларига ер майдонининг қайтарилиши маъмурий ва иқтисодий суднинг якуний хулосаси асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ экани алоҳида таъкидланади. Ҳоким маъмурий судда ютқазгач, ижара шартномаларини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судга мурожаат қилгани, Андижон туманлараро иқтисодий судининг мазкур даъво юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқаргани хусусида аввалги мақолада айтилганди.

Бу борада янги гап шуки, мазкур ажрим устидан ҳокимнинг берган шикояти куни кеча вилоят иқтисодий суди томонидан рад этилди.

Шунга қарамай, ҳоким ва фермерлар ўртасидаги «суд-суд ўйинлари» ҳали-бери тўхтамайди чоғи. Фермерлар ҳокимнинг қарори ноқонуний эканини исботлаш учун бир йил вақт сарфлади. Туман раҳбари Олий суд қарорини ижро қилмай иқтисодий судга мурожаат этиши ортидан жорий йилнинг биринчи чораги ҳам исроф бўлди.

Энди фермерлар ҳокимнинг улардан (ноқонуний) олинган ер майдонларини бошқаларга бериш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судга мурожаат этишдан бошқа чораси қолмаяпти.

Бу жараён қанча давом этади -–ҳозирча фақат Худога аён.

Кўринадики, ҳокимнинг битта ноқонуний қарори касофати деҳқонларнинг йиллаб умри исроф бўлишига сабаб бўлаётир.

Бу аҳволда деҳқон қачон ишлайди?  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг