Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Америка Қуролли Штатлари» (инфографика)

«Америка Қуролли Штатлари» (инфографика)

Инфографика: «Xabar.uz»

Ўқотар қуроллардан фойдаланишда АҚШ аҳолиси жаҳонда яққол пешқадам. «Pew Research Center» яқинда эълон қилган статистика буни тасдиқлайди.

Америкаликлар қўлида қанча қурол бор — аниқ айтиш қийин, ҳамма штатларда ҳам ўт очиш қуролларини рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Айрим тахминларга кўра, америкаликлар қўлидаги қуроллар сони 200 миллиондан 350 миллионгача — агар иккинчи рақам тўғри бўлса ҳар бир фуқаросига етиб ортиб ҳам қолади.

«Pew Research Center» маълумотига кўра, мамлакатдаги қуролларнинг энг кўпи жанубий штатлар аҳолиси қўлида — 36 фоиз. Ўрта Ғарб ва Ғарбда кўрсаткич 30 фоиздан ошади, Шимоли-Шарқда эса энг кам — 16 фоиз. Аксарият қуроллар қишлоқ аҳолисида ва асосан эркакларда.

Жанубий ёки «катта» штатларда қурол кўп, аммо аҳолиси ҳам шунга яраша. Шунинг учун штатлар ўзаро солиштирилганда, қуролланганларнинг аҳоли сонига нисбатан кўрсаткичи кескин ўзгариб кетади (инфографика). Шундан келиб чиқиладиган бўлса, Аляска — АҚШдаги «энг қуролланган штат», ҳар ўн аляскаликнинг салкам етти нафари ёки 750 минг аҳолисининг 61,7 фоизи қуролланган.

Ўзимизнинг битта вилоят аҳолисича (3 миллиондан зиёд) нуфусга эга Арканзасда ҳам худди шундай ҳолат — 57,9 фоиз. Қолаверса, Айдаҳо, Ғарбий Виржиния, Вайоминг ва Монтана каби ҳудуди бепоён, аммо «аҳолига ёлчимаган» штатлар ҳам «ички қуролланиш пойгаси»да илгарилаб кетган.

Аҳолиси кам штатларнинг ҳаммасида ҳам қуролланиш даражаси юқори эмас, масалан, шарқий соҳилда жойлашган Делавэр (қарийб 1 миллион аҳолисининг 5,2 фоизи) ҳамда Род-Айнленд (1 миллиондан ортиқ аҳолисининг 5,8 фоизи)ни келтириш мумкин. Аммо булар «митти», қолаверса, юқорида таъкидланган Шимоли-Шарқий штатлар сирасига киради.

Қуролланган аҳолиси кўрсаткичи бўйича топ-10 штат

  1. Аляска (AK, 61,70 фоиз)
  2. Арканзас (AR, 57,90 фоиз)
  3. Айдаҳо (ID, 56,90 фоиз)
  4. Ғарбий Виржиния (WV, 54,20 фоиз)
  5. Вайоминг (WY, 53,80 фоиз)
  6. Монтана (MT, 52,30 фоиз)
  7. Нью-Мексико (NM, 49,90 фоиз)
  8. Алабама (AL, 48,90 фоиз)
  9. Шимолий Дакота (ND, 47,90 фоиз)
  10. Гавайи (HI, 45,10 фоиз).
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг