Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2025-2028 йилларда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилиняпти

2025-2028 йилларда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилиняпти

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026-2028 йиллар учун Фискал стратегиясида келгуси йиллар учун бюджет лойиҳасини тузишда эътибор берилиши лозим бўлган асосий устувор йўналишлар белгилаб олинган.

Жумладан, давлат қарзини самарали бошқариш йўналишида давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини бошқариш ҳамда 2026-2028 йилларга мўлжалланган давлат қарзини бошқариш стратегиясини амалга ошириш орқали давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 50 фоиздан ошмаслигини таъминлаш назарда тутилади.

Қайд этилишича, давлат қарзи қолдиғи 2025 йил 1 январ ҳолатига 40,2 млрд АҚШ долларини (шундан, давлат ташқи қарзи – 33,7 млрд АҚШ долл., давлат ички қарзи – 6,5 млрд АҚШ долл.) ёки ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил этади.

Ўрта муддатли истиқбол учун макроиқтисодий прогнозлар, тармоқларни ривожлантириш дастурлари ва стратегияларида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга асосланган кўп сценарийли таҳлилларга кўра эса 2025–2028 йилларда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Стратегияда келтирилган маълумотларда акс этишича, давлат қарзи 2023 йилда (34,9 млр долл.) ЯИМга нисбатан 34 фоиз, 2024 йилда (40,2 млрд долл.) эса 35 фоизни ташкил қилган.

Маълумот учун, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунда давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Бунда, давлат қарзининг миқдори ЯИМга нисбатан 50 фоизга етган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси давлат қарзига белгиланган меъёрлардан ошмаслигини таъминловчи чора-тадбирларни Парламентга киритади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг