Ўзбекистонда четдан хомашё олиб келадиган янги компания тузилиб, унга 200 млн доллар ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда металлургия саноатини ривожлантириш, хомашё базасини мустаҳкамлаш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари мавжудлиги прогноз қилинмоқда. Шу муносабат билан темир сифати учун зарур бўлган марганец ва ферросилиций каби минераллар захираларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида геологик майдонларни таҳлил қилиб, бир ой муддатда темир ҳамда уни бойитиш учун зарур минераллар захираларини ошириш бўйича геология дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Ҳудуд раҳбарларига эса бу жараёнларга йирик тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси юклатилди.
Бугунги кунда мамлакатда металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхона фаолият юритмоқда. Қурилиш материаллари соҳасидаги ислоҳотлардан кейин ҳудудларда металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳалар бошлангани қайд этилди.
Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида импорт хомашёни марказлашган тарзда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу тузилмага 200 миллион доллар ажратилади, импорт қилинган хомашё эса фақат биржа савдолари орқали сотилади.
Йиғилишда иқтисодиётнинг янги технологик босқичга ўтаётгани муносабати билан металл маҳсулотлари турини кўпайтириш, шунингдек, йирик металлургия корхоналари ва хусусий сектор ўртасида кооперацияни кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Маълум қилинишича, мамлакатда чоксиз қувурга бўлган йиллик талаб 280 миллион долларга тенг. Асосий ташқи савдо ҳамкорлари эса ҳар йили 1,5 миллиард долларлик шундай маҳсулот импорт қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, чоксиз қувур ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 275 миллион доллар инвестиция талаб этилади. Бу орқали йилига 450 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг 170 миллион долларлик қисмини экспорт қилиш имконияти яратилади.
Шунингдек, ишга туширилган қуюв-прокатлаш мажмуаси автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қурилиш материаллари учун 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш имконини беради. Масъулларга уч ой муддатда чоксиз қувур, совуқ прокат, металлни 3D усулда босиб чиқариш ва юқори аниқликда ишлов бериш бўйича лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter