Жаҳон банки Ўзбекистонда хусусий секторни кенгайтиришда 3 та устувор соҳани қайд этди
Жаҳон банкининг «Ўзбекистон хусусий сектори диагностикаси» номли янги ҳисоботида мамлакатда хусусий сектор ролини кучайтириш учун логистика, туризм ва фармацевтика соҳаларига устувор эътибор қаратиш тавсия этилди. Банк баҳосига кўра, ушбу соҳалардаги ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда 5,2 миллиарддан 6,4 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Ҳисоботда таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар 300 мингдан ортиқ бевосита ва билвосита иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши мумкин.
Жаҳон банки Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг қайд этишича, хусусий сектор салоҳиятини тўлиқ ишга солиш учун рақобатни кучайтириш, бизнес ривожига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳисоботда логистика соҳасида рухсатнома бериш жараёнларини рақамлаштириш, ер ажратиш тартибини соддалаштириш ва халқаро юк ташиш тизимини такомиллаштириш таклиф этилган. Бу йўналишга 950 миллиондан 1,05 миллиард долларгача хусусий сармоя жалб қилиниши мумкинлиги қайд этилган.
Туризм соҳасида маданий ва экологик туризмни ривожлантириш, ер ижараси қоидаларини такомиллаштириш, туристик объектларни профессионал бошқариш ва кадрлар салоҳиятини ошириш тавсия қилинган. Бу соҳага 3,1 миллиарддан 4,2 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиниши ҳамда 180 мингга яқин иш ўрни яратилиши мумкин.
Фармацевтикада эса дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш, халқаро стандартларга мос ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва биоэквивалентлик лабораторияларини ташкил этиш таклиф қилинган.
Ҳисоботга кўра, мамлакатда хусусий сектор ривожига энг катта тўсиқлар сифатида солиқ юки, молиялаштириш имкониятларининг чеклангани ва малакали кадрлар етишмаслиги қайд этилган. Бу омиллар, айниқса, кичик ва ўрта бизнеснинг кенгайишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон банкига кўра, мазкур муаммоларни бартараф этиш ва бозор ислоҳотларини изчил давом эттириш хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter