Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказий банк рақамли валюта жорий этиш имкониятини ўрганяпти

Марказий банк рақамли валюта жорий этиш имкониятини ўрганяпти

Ўзбекистон Марказий банки миллий валютанинг рақамли шаклини – CBDC (Central Bank Digital Currency)ни жорий этиш имкониятларини ўрганмоқда.

Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов Тошкентда ўтказилаётган Silk Road Finance and Technology Forum халқаро анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, форум доирасида Марказий банк рақамли валютаси бўйича махсус ҳужжат – «оқ китоб» эълон қилинади.

Ҳужжатда CBDCдан фойдаланиш мумкин бўлган йўналишлар, унинг эҳтимолий моделлари, афзаллик ва камчиликлари ҳамда молия тизимига таъсири таҳлил қилинади.

Тадқиқот натижалари асосида рақамли валютани тажриба тариқасида синовдан ўтказиш босқичини бошлаш режалаштирилган.

Синов жараёнида CBDCнинг Ўзбекистон шароитига мос модели, уни амалдаги тўлов ва молия инфратузилмасига интеграция қилиш имкониятлари ҳамда рақамли иқтисодиёт ривожига таъсири баҳоланади.

Марказий банк раиси рақамли активлар ва янги шаклдаги пулларга оид қарорлар шошилмасдан, тадқиқотлар ва амалий натижалар асосида қабул қилинишини таъкидлади.

CBDC — марказий банк томонидан чиқариладиган миллий валютанинг рақамли шакли ҳисобланади. У криптовалюталардан фарқли равишда марказий банк томонидан эмиссия қилинади ва давлат пул тизимининг бир қисми бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда CBDCни муомалага киритиш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Дастлаб унинг иқтисодий самараси, техник имкониятлари, хавфсизлиги ва молия тизимига таъсири синовдан ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг