Мирзиёев қатарлик йирик тадбиркорлар билан учрашди
Қатарга давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Сонийни қабул қилди.
Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдингларидан бири ҳисобланади. Идора раҳбари бир вақтнинг ўзида Қатар Марказий банки раисидир.
Учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакатимиз ҳудудларида «яшил» энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Илғор банк-молия хизматларини, шу жумладан ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини яқин фурсатда ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Доҳа шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда «Power International Holding» компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни қабул қилди.
«Power International» – дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.
Бугун ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.
Мамлакатимизда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.
Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter