Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Испанияда ўтказилаётган «FITUR» кўргазмасида намойиш этилмоқда

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Испанияда ўтказилаётган «FITUR» кўргазмасида намойиш этилмоқда

Ўзбекистон делегацияси 22 январ куни Мадридда ўз ишини бошлаган «FITUR» халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда. Ушбу муҳим тадбир дунёнинг турли мамлакатларидан туризм соҳаси мутахассислари ва саёҳат ишқибозларини бирлаштирди.

Делегация таркибига мамлакатимизнинг «Rocket DMC», «Orient star group», «Sonder Voyage», «Uzbekistan Discovery», «Zamin travel», «El mundotour», «Olympic tour», «Advantour», «Asialux Travel», «Dolores», «Samarcanda adventures» каби йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳам кирди.

Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимиз салоҳиятини хорижда оммалаштириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида компанияларимизнинг сайёҳлик маҳсулотлари, жумладан, янги йўналишлар ва турпакетлар намойиш этилмоқда.

Кўргазмада ўзбек миллий мусиқаси, халқ оғзаки ижоди ва рақслари кенг тарғиб қилинмоқда, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини намойиш этувчи материаллар тақдим этилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон делегацияси халқаро туроператорлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида B2B ва B2G учрашувларини, шунингдек, чет эл делегациялари раҳбарлари ҳамда жаҳон сайёҳлик соҳаси вакиллари билан музокараларни фаол ўтказмоқда.

Маълумот учун: «FITUR» Мадриддаги «Ifema» кўргазмалар марказида мунтазам равишда ўтказиладиган халқаро туризм кўргазмасидир. Кўргазмада ҳар йили туризм соҳасининг барча йўналишлари вакиллари: туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, ташувчилар, туризм бўйича идоралар, хизмат кўрсатувчи компаниялар ва бошқалар иштирок этадилар. Ўзбекистон «FITUR» халқаро кўргазмасида 2005 йилдан бери қатнашиб келмоқда.

Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг Европадаги устувор сайёҳлик йўналиши сифатида илгари сурилиши ва сайёҳлар оқимини ошириш учун янги платформа бўлиб хизмат қилади.

«FITUR» 26 январга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг