Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Қорақалпоғистондаги газ қазиб олиш конларида бўлди

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Қорақалпоғистондаги газ қазиб олиш конларида бўлди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш объектларида бўлди.

Дастлаб, Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш цехларидаги технологик жараёнлар, полимер маҳсулотларнинг савдоси, эпидемиологик вазият билан боғлиқ карантин чоралари даврида корхона ишчиларига яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Заводнинг полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш объектларида фаолият олиб бораётган мутахассис ва муҳандис-технологлар билан мулоқот ўтказилиб, хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда узлуксиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур экани таъкидланди.

Бошқарув раиси газни юқори технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш бўйича Устюрт газ кимё мажмуаси МДҲ мамлакатлари орасида энг йирик корхоналардан бири эканини айтиб, шу сабаб йиллик полиэтилен, полипропилен, пиролиз дистилляти ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Хитой, Туркия, Болгария, Жанубий Корея, Россия, Буюк Британия, Италия, Латвия, Эстониядан бошқа давлатларга ҳам полимер маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш кераклиги айтилди.

Ишчи гуруҳ шу билан бирга Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган табиий газ ва газконденсати қазиб олиш конларига борди.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудидаги Мўйноқ тумани «Учсой» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Махсус штаб», конлар, қудуқлар фаолияти ва у ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, карантин даврида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

Жумладан, 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ қазиб чиқарилиши йўлга қўйилган «Шимолий Бердақ» конидаги 86-сонли қудуқдаги ҳолат ўрганилди.

Шу билан бир қаторда, Бошқарув раиси ва Ишчи гуруҳ аъзолари ҳозирда буруғулаш ишлари давом эттирилаётган 92-сонли қудуқда ҳам бўлишди ва бурғулаш ускуналарнинг самарали ишлаши, керакли жиҳозларни ўз вақтида алмаштириб туриш орқали қазиб чиқаришда натижадорликни ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Бундан ташқари, «Арслон» газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг (УКПГ) қурилиш ишларини якунлаш, қурилмани тўлиқ қувватда ишлаши учун нима ишлар амалда бажарилаётгани ҳам бориб кўрилди ҳамда назоратга олинди.

Ўрганишлар жараёнида анчадан буён йиғилиб қолган масалалар ва камчиликларни тизимли ҳал этиш, зарур чоралар кўриш ва ишчи-ходимлар қулайлик яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, захираларни купайтириш ва белгиланган натижага эришиш борасида аниқ топшириқлар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг