«Ўзмиллийбанк» АЖ ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро сертификатини қўлга киритди
«Ўзмиллийбанк» АЖнинг коррупцияга қарши менежмент тизимини ISО 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқлигини сертификатлаштириш аудиторлик текшируви жорий йил 23 августда муваффақиятли якунланди. Шу муносабат билан «Ўзмиллийбанк» АЖ Бош офиси биносида ISО 37001:2016 Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимининг мувофиқлик сертификати тантанали равишда топширилди.
Тадбирда «Ўзмиллийбанк» АЖ Бошқаруви аъзолари, «CERT INTERNATIONAL» МЧЖ бош аудитори Риад Ибрагимов ва Банкнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.
Маърузачилар томонидан «Ўзмиллийбанк» АЖда халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи коррупцияга қарши курашиш тизими жорий этилгани эътироф этилиб, бу борадаги ишлар изчил такомиллаштирилаётгани таъкидланди.
2021-2024 йиллар давомида, экспертлар билан ҳамкорликда Банкнинг коррупцияга қарши бошқарув тизимини ISО 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тадбиқ этилди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий Кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қарорларига асосан 2022-2024 йилларда «Ўзмиллийбанк» АЖда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилди.
Бундан ташқари коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлар баҳоланиб, уларни камайтириш чоралари белгиланди.
Барча банк ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди, ҳар бир курс якунлари бўйича тест синовлари ўтказилмоқда.
Ушбу сертификатга эришиш «Ўзмиллийбанк» АЖ учун шаффофликни ошириш ва ахлоқий хулқ-атвор ва масъулиятнинг юқори стандартларига содиқлигини намойиш этишда муҳим қадамдир.
Сертификатлаш нафақат халқаро стандартларга мувофиқлик, балки Банкда коррупцияга қарши курашнинг самарали воситаларини белгилайди, бу унинг ҳалоллик ва масъулият тамойилларини қўллаб-қувватлашдаги ролини оширади.
Энг асосийси, ISО 37001:2016 сертификати Банкнинг фаолияти Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини кўрсатиб барча даражалардаги бошқарув аппаратига шаффофлик ва очиқликни ошириш ва таъминлаш юзасидан катта масъулият юклайди.
Тадбир сўнгида Банкда коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимини янада такомиллаштириш келажак мақсад сифатида белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter