Қурилиш материаллари корхоналарига 50 млн доллар ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида йирик ва мегалойиҳалар учун қурилиш материаллари таъминоти, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлиги ҳамда соҳадаги молиявий муаммоларга тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган инвесторлар импорт қилинадиган материалларни қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрамоқда.
Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам давлатдан тенг шароит яратилишини талаб қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, агар қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар маҳаллий маҳсулотларга ҳам татбиқ этилса, улар сифат ва стандартлар бўйича импорт маҳсулотлари билан рақобат қилишга тайёр.
Йиғилишда мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ҳамда маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароит яратиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда соҳадаги молиявий ҳолатга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, айни пайтда қурилиш материаллари тармоғидаги 457 та корхонанинг кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етган.
Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири сифатида маҳсулот таннархининг юқорилиги ва айрим турдаги маҳсулотларнинг бозор талабларига тўлиқ жавоб бермаётгани кўрсатилди. Натижада корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотлар учун етарли харидор топишда қийналмоқда.
Президент ҳар бир корхона кесимида таҳлил ўтказиш ва уларнинг молиявий аҳволини яхшилаш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга 457 та корхонанинг ҳар бирига бориб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур тайёрлаш вазифаси юклатилди. Ушбу мақсадлар учун 50 миллион доллар миқдорида ресурс ажратилиши белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter