Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

15 май – Халқаро оила куни. Оилавий фотосуратлар – кўришганда эслаш учун эмас эслаганда кўриш учун

15 май – Халқаро оила куни. Оилавий фотосуратлар – кўришганда эслаш учун эмас эслаганда кўриш учун

Нима учун биз оилавий суратларни қадрлаймиз? Агар уларни асрамасак бу қандай йўқотиш бўлади?

Оила инсон ҳаётидаги асосий қадриятлардан бири. Aсрлар давомида одамлар бу қадриятни фотосуратлар орқали ўзлари ва қариндошлари учун сақлаб қолишга, авлодлари қандай кўринишга эга ва қандай яшаганликларини «айтиб» беришга ҳаракат қилганлар. Бош кийимлар, соқоллар, имо-ишоралар, либослар оила тарихи, ўша даврларнинг модаси, оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериши мумкин.

Илк суратларга олиш XVIII аср ўрталарида бошланган. Ўша пайтлари европаликларнинг энг камбағал қатлами ҳам оилавий фотосуратларини авлодларга етказиш учун молиявий қурбонликлардан чўчимаган. Балки шунинг учун ҳам дунё архивларини ўша давр суратлари бойитиб тургандир, балки шунинг учун ҳам бугун биз тарихни ўрганишга қийналмаётгандирмиз. Биргина Тошкентдаги зилзилага оид суратларини олайлик, қанча тарих, қанча хотира мужассам.

Архив материаллари. Ўқчи кўчаси. Зилзиладан уйи вайрон бўлган оила ҳовлида овқатланмоқда.

Эътибор берсангиз оилавий портретларда ҳамма нарса мукаммал кўринади – соч турмаги, кийим-кечак, юз ифодаси. Гарчи ранглар минимал кўринсада, ёки рангсиз бўлсада шунга қарамай, қиёфалар кўриниши жўшқин ва маънога тўла. Чунки оилавий суратлардаги қариндошларингиз, яқинларингиз сизнинг энг қадрли одамларингиз.

Оилавий фотосуратлар туфайли сиз машҳур шахсларнинг яшаш тарзи, оила қадриятлари билан ҳам танишасиз.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов фарзандлари билан.

Илгари оилавий фотосуратларни архивлаш уларни қаттиқ қоғозли албомга ёпиштириш дегани эди. Бироқ, бугунги кунда барчамиз ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз, демак суратларни хавфсиз асраб қоладиган технологияга муҳтожмиз. Барча фотосуратларимизни рақамли медиага ишониб топшириб қўйдик. Афсуски уларни истаган пайтда йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Агар уруш даврида ёки ундан олдинги даврларда рақамли технологиялар ривожланган бўлиб суратлар қоғозга муҳрланмаганида биз бугун тарих ҳақида ҳозиргидай кўп маълумотларга эга бўлармидик? Эга бўлган тақдиримизда ҳам уларнинг қанчаси монтаж қилинарди ёки ҳақиқийлиги йўқотиларди.

Архив материаллари. Темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи.

Aмерикалик олим яқинда авлодлар ўртасидаги фотосуратларнинг  йўқолишини «рақамли қоронғу давр» деб атади. Тадқиқотчининг айтишича, барчамиз уларни кеч бўлмасдан сақлаб қолиш учун ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак.

Тўйларда, туғилган кунларда, битирув маросимларида ва бошқа барча махсус тадбирларда суратга тушганимизда, биз воқеани ҳужжатлаштирамиз – ўзимизни каталоглаштирамиз. Яъни «Мен кимман ва бу содир бўлганда мен қаерда, қандай кўринишда бўлган эдим», деб эълон қиламиз. Шахснинг қиёфаси бу шахснинг кимлигини тасдиқлайди. Оилавий фотосуратлар уйларнинг деворларини, иш столимизни нафақат безатади, балки  бизга қариндошларимиз ва яқинларимизни эслатади. Уларни қўлга олиш ва томоша қилишдан бошлаб оила ғояси нима эканлигини чуқурроқ англайсиз  – улар рамка ичидаги барча шахслар бир оила эканлигини таъкидлайдилар.  Суратлар оддий оилавий ҳаёт ва инсонларнинг бир-бирлари олдидаги мажбуриятлари ҳақида ғояларни яратадилар. Улар оилани мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Архив материаллари. Колхозчи Миртурсунов оиласида фронтдан келган хатни ўқиш чоғи.

Бир вақтлар оилавий суратга тушишнинг ҳар доим ёки ҳар куни имкони йўқ эди. Замонавий рақамли фотография эса бугунги кунда ҳар қандай нарсани исталган вақтда ва исталган миқдорда суратга олиш имконини беради. Бу сизга лаҳзани ушлаш ва ҳис-туйғуларни «қўлга киритиш»га ёрдам беради. Классик фотография статик, тафсилотларга йўналтирилган, пухта ўйланган бўлади. Ва агар сиз ушбу икки тушунчанинг энг яхши хусусиятларини бирлаштирсангиз, юқори сифатли фотосуратлар яратишингиз ва уларнинг ёрдами билан келажак авлодларга муҳим тафсилотларни, тарихини ва ўзига хослигини етказишингиз мумкин. Бундай оилавий портретларнинг қадр-қиммати ҳар бир авлод ўтган сайин ортиб боради. Чунки фотосуратларсиз бу визуал хотиралар абадий йўқолади. Оилавий суратлар орқали болалигингизни, ёшлигингизни, оилангизни, бахтли ёки қийин дамларингизни ҳис қилишингиз, бир лаҳза бўлсада ўша даврга қайтишингиз мумкин. Яъни фотосуратлар сизга яиқнларингизни эслаганингизда, хотирлаганингизда истаганча «дийдорлашиш» имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг