Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Америкалик юқори мартабали мулозим Тошкентда ош дамлади

Америкалик юқори мартабали мулозим Тошкентда ош дамлади

“Палов дипломатияси”: Дональд Лу ва Баҳриддин Чустий.

Фото: АҚШ элчихонаси

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Тошкентдаги «Human House» галереясида машҳур ошпаз Баҳриддин Чустий билан биргаликда палов пиширди.

«Ўзбекистондаги бирон зиёфат паловсиз ўтмайди. Мазали таом ва анъаналар биз америкаликлар ва ўзбекистонликларни ўзаро яқинлаштиради», – дея хабар беради АҚШ элчихонаси.

Давлат котибининг ёрдамчиси Доналд Лу 13 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисида иштирок этди. Расмий хабарга кўра, музокарада икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Томонларнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив мулоқотни фаол ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.

Стратегик шериклик мулоқотнинг иккинчи мажлиси Вашингтонда ўтиши кутилмоқда.Фото: Ўзбекистон ТИВ

АҚШ томони Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Расмий Вашингтон вакили Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига кўмаклашиш ва турли соҳалардаги лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам юқори баҳо берди.

Давлат департаменти сайтида чоп этилган қўшма баёнотда қайд этилишича, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясида собитдир.

Давлат котиби ёрдамчиси Ўзбекистондаги иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларни таъминлаш, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни олқишлаган ва бу борада АҚШ кўмаги оширилишини маълум қилган.  Қўшма Штатлар делегацияси, шунингдек, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича кўмакни ҳам яна бир карра тасдиқлаган.

«Ўзбекистон ҳукумати ва ташқи ишлар вазирлигига биринчи АҚШ–Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотига мезбонлик қилгани учун миннатдорлик изҳор этамиз. Тадбир муваффақиятли ўтди ва биз алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш ниятида келгуси йилги мулоқотни интиқлик билан кутамиз!» – дея миннатдорлик билдирди АҚШнинг юртимиздаги ваколатхонаси.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат стратегик шериклик бўйича навбатдаги мулоқотни 2022 йилда Вашингтонда уюштиришга келишиб олган.

C.Cалим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг