Бош прокуратура «ИИБ терговчиси калтакланиши» бўйича қўшимча маълумот берди
Ижтимоий тармоқларда Андижонда Ички ишлар органи капитани калтаклангани ҳақида хабар тарқалгани ортидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув бошлангани маълум қилинганди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролар Х.Б. ва Х.Э. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси С.Ғ. ўзининг бошқарувида бўлган «Дамас» русумли автомашинанинг бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги «Спарк» русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.
Шундан сўнг, «Спарк» русумли автомашина ҳайдовчиси Х.Б. ҳамда унинг ёнида бўлган Х.Э. ИИБ капитани С.Ғ. билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларига етказилган тан-жароҳатлари, хусусиятлари ва оғирлик даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Жиноят иши бўйича Х.Б. ва Х.Э. лар сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter