Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Андижоннома» газетасидан 100 миллион сўм товон талаб қилган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси судда ютқазди!

«Андижоннома» газетасидан 100 миллион сўм товон талаб қилган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси судда ютқазди!

Фото: «Андижоннома»

«Андижоннома» — вилоят ҳокимлигининг нашри, шунга қарамай, «деворий газетанинг босма шакли» деган таънадан анча йироқ туради. Газетада босилаётган танқидий-таҳлилий мақолалар бунга исбот. Бунақа танқидий чиқишлар ҳатто унча-мунча марказий нашрларда ҳам учрамайди ҳисоб. Бироқ тўғри гап кимга ёқибди, дейсиз?! Танқидий материалларга алоҳида эътибор бериладиган ҳар қандай оммавий ахборот воситалари турли синовларга дуч келиши табиий. «Андижоннома» ҳам шундай синовни бошдан ўтказди.

Гап шундаки, ўтган йили газетада таниқли журналист Қобулжон Асқаровнинг «Ҳар баҳорда шу бўлар такрор... ёки эртани ўйламай бошланган қадам» (21.08.2018 й.)  ва «Эгар қайда, узанги-чи?»  (24.10.2018 й.) сарлавҳали танқидий мақолалари чоп этилганди. Унда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пилла етиштиришдаги аҳвол, бу соҳани ривожлантиришдаги шошма-шошарлик натижасида қатор туманлардаги фермерларнинг шўрига шўрва тўкилаётгани таъкидланиб,   «Andijan slik.Co» қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти олдига қатор саволлар қўйилганди.

Вилоят газетасида босилган танқидий мақолалар Тошкентда акс-садо берди: «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси «Andijan Silk. Co» қўшма корхонаси манфаатини кўзлаган ҳолда «Андижоннома» газетасини судга бериб, гўёки  нотўғри маълумотлар тарқатгани учун таҳририятдан 100 миллон сўм товон талаб қилди.

Куни кеча Андижон туманлараро иқтисодий суди мазкур даъвони кўриб чиқди. Натижа: даъво асоссиз бўлгани учун рад этилди!

Даъвонинг рад этилиши газетада босилган танқидий мақолалар тўғри эканини англатиши баробарида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар мавжуд муаммоларни хаспўшлайвермай уларга ёвуқроқ қараб, зиммасидаги масъулиятни сифатли адо этиши кераклигиниям билдиради.



Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг