БААдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Ўзбекистон элчихонаси Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида бўлиб турган ватандошларга мурожаат билан чиқди.
«Минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво ҳудудидан фойдаланишга, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари ҳудуди устида ҳам вақтинчалик чекловлар жорий этилгани муносабати билан, яқин кунларда Ўзбекистон авиакомпанияларининг Яқин Шарқнинг қатор мамлакатларига мунтазам авиақатновлари вақтинча тўхтатилганини маълум қиламиз.
БАА ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўз рейслари ҳолати бўйича авиаперевозчиларнинг расмий хабарларини доимий равишда кузатиб бориш, яқин муддатда жадвалда бўлиши мумкин бўлган ўзгариш ва тузатишларни инобатга олиш тавсия этилади.
Шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуйидагиларни сўраймиз:
- имконият қадар одамлар гавжум жойлардан сақланиш;
- ҳарбий ва бошқа стратегик объектларга яқинлашмаслик;
- БАА ваколатли органларининг талаб ва тавсияларига қатъий риоя қилиш;
- хотиржамликни сақлаш ва фақат расмий маълумотларга таяниш.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли хил маълумотлар тарқалаётгани муносабати билан, фақат текширилган расмий манбалардан фойдаланиш ва тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмаслик ҳамда юборишдан тийилишни қатъий тавсия этамиз», – дейилади хабарда.
Шунингдек, дипломатик идор фавқулодда вазият юзага келган тақдирда қуйидаги ишонч телефонларига мурожаат қилишни сўрамоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси:
- +971 55 986 9040 — Ўзбекистон консули
- +971 55 956 4110 — Ўзбекистон консули
«Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги дипломатик ваколатхоналари вазият ривожини диққат билан кузатиб бормоқда ва зарурат туғилганда фуқароларни юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида тезкор равишда хабардор қилади», – дейилади ахборотда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter