Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир неча кундан сўнг интиқиб кутилган Ёшлар форумига старт берилади

Бир неча кундан сўнг интиқиб кутилган Ёшлар форумига старт берилади

2021 йилнинг 20-21 декабр кунлари Congress Hall биносида Тошкент ёшлар форуми – 2021 бўлиб ўтади.

Форум тантанали бошланган куни ёшлар Адлия, Туризм ва спорт, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим ва бошқа вазирликлар раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказилади. Шу билан бирга Германия, Буюк Британия, Япония ва АҚШ каби давлатлар элчиларининг чиқишлари, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида мастер-класс, «Абдулла Қодирий» ҳужжатли-бадиий фильми намойиши бўлиб ўтади.

Кенг қамровли тадбирда ёшлар бевосита иштирокчига айланишади ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, олимлар, экспертлар, санъат, маданият ва спорт намоёндалари, медиамакон вакиллари учрашади. Бу йилги дастурда янги ва ёрқин шахслар қатнашиши, долзарб мавзуларга бағишланган мулоқотлар очиқ, дўстона руҳда кечиши ваъда қилинмоқда.

Форумнинг эртаси куни ёшларга интернет технологиялар, соғлиқни сақлаш, молиявий саводхонликни ошириш, бизнес ва бошқа йўналишларда таклифлар бериб, тақдимотларини кўрсатиш имконияти яратилади. Қолаверса, ёшлар ўз саволларини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги,Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига йўллашлари ва жавоб олишлари мумкин.

Форум доирасида ташкилотчилар томонидан хорижда таълим олиш учун грантлар ажратиш дастури ишга туширилиши эълон қилиниши кутилмоқда. Бу борада қизиқарли танловлар ўтказилади ҳамда «Тошкент ёшларни севади» ойлиги доирасидаги тадбирлар ғолибларини тақдирлашади.

Қуйидаги Telegram-бот орқали рўйхатдан ўтиб, вазирларга таклиф ва саволлар юбориш мумкин: https://t.me/toshkent21bot

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг