Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокуратура ОАВ билан бошқача ишлашга ўтди

Бош прокуратура ОАВ билан бошқача ишлашга ўтди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 30 июль куни Бош прокуратурада жорий йилнинг ўтган олти ой мобайнида тизимда амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбир сабрсизлик билан кутилаётганди, рости. Негаки, кейинги икки ой нари-берисида Бош прокурор алмашиши ортидан тизимнинг муҳим бўғинларида кадрлар янгиланаётган, қисқаси, кутилган ва кутилмаган воқеликлар оммавий ахборот воситалари ходимларида ўтказилажак жонли мулоқотга нисбатан қизиқишни чандон ошириб бўлганди. Шунингдек, кадрлар билан боғлиқ ўзгаришлар силсиласида Бош прокуратура матбуот хизматига ҳам янги раҳбар тайинланиб, шундан кейин маҳкамадан ахборот олиш имконияти пасайиброқ кетаётгани журналистларда етарлича саволлар туғдира бошлаган эди.

Қайд этиш керак, тадбир анчайин ихчам тарзда, Бош прокуратуранинг асосий биносида ўтди. Унда радио ва телевидениедаги ҳамкасбларни учратмадик. Ўн-ўн беш нафар журналистларнинг ҳаммаси босма ва интернет нашрлари ходимлари. Марказий маҳкама остонасида ичкарига қўл телефони (айни пайтда журналистнинг иш қуроли!) билан кириш борасида муаммо туғилиб, тадбир бошлангунча ижобий ҳал этилгани айтилмаса, ҳаммаси биноийдек кечди.

Тадбирда маҳкама раҳбариятидан ҳеч ким иштирок этмади, ҳаммасини Ҳаёт Шамсутдинов бошчилигидаги матбуот хизмати ходимларининг ўзлари эплашди. Маҳкама матбуот хизматининг янги раҳбари аввалига ОАВ ходимлари билан бирма-бир қўл бериб кўришиб чиқди. Сўнг давра тўридан эмас, журналистларнинг шундоқ қаршисидан жой олиб, андак ҳаяжон билан матбуот анжуманини очди...

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг дастлабки олти ойи кесимида прокуратура органлари фаолиятига оид маълумотларни кулчадеккина хабарга сиғдириб бўлмайди, албатта. Бу борада яқин соатларда алоҳида чиқишлар қилинади, насиб.

Тадбирнинг асосий нуқтаси шунда бўлдики, Бош прокуратура матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари билан буёғига бошқача ишлашга ўтмоқда. Бунинг учун замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш имкониятлари топибдики, буни чинакам янгилик дейиш мумкин.

Хўш, «бошқача ишлаш» қандай шаклда амалга оширилади?

Бош прокуратура матбуот хизмати oav.prokuratura.uz платформасини ишлаб чиқиб, бугундан амалиётга жорий қилди. Унда ҳар бир оммавий ахборот воситасининг шахсий кабинети бўлиб, унга журналистлар ўз сўровларини осон юборишлари мумкин. Сўровлар тўғридан-тўғри тегишли манзилга тушиб, уни на ўчириш, на жавоб бермаслик мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

Жавоблар ҳам нашрнинг ўзига, қонунда белгиланган вақтда юборилади. Платформанинг яна бир яхши имкониятики, сўровларга видео ёки аудио файлларни илова қилишда ҳам муаммо йўқ. Энг муҳими, айни жараёнда ахборот хавфсизлиги таъминланади. Яқин келажакда платрофманинг мобиль версияси ҳам ишга туширилса, ахборот олиш имконияти янаям осонлашади...

Бош прокуратура Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, яқин кунларда янги платформа Телеграм мессенджери билан интеграция қилинади. Натижада сўровга жавоб қайтарилган заҳоти журналистлар телеграм орқали автоматик хабарнома олишлари мумкин бўлади.

Платформанинг тақдимоти ўз-ўзидан кейинги пайтларда Бош прокуратурадан ахборот олиш имконияти нега кичрайиб кетяпти, мазмунидаги саволларга ҳожат қолдирмади. Билдикки, кейинги бир ой давомида мутасаддилар ахборот-маълумот беришнинг осон, қулай ва самарали йўли устида яхшигина риёзат чекишибди.

Гап йўқ. Бошқа давлат органлари матбуот хизматлари намуна олса бўларкан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг