Бўстонлиқдаги ноқонуний чиқиндихона юзасидан баёнот берилди
Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани «Янги ҳаёт» МФЙ ҳудудида ноқонуний чиқиндихона юзага келгани акс этган видеоматериал тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ишчи гуруҳи томонидан жойига тезкор чиқилиб, вазият атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида чиқиндилар юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланмаган жойларга ташлангани натижасида тўпланиб қолгани аниқланди. Ҳудуд санитар тозалаш корхоналари хизмат кўрсатиш жорий режа-график ишларига киритилмаганига қарамай, Агентлик томонидан зарур чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, Агентлик ҳузуридаги кузатув камераларидан фойдаланиш ва назорат қилиш бўлими томонидан ҳудудга 24/7 режимда ишловчи замонавий кузатув камералари ўрнатиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Мазкур камералар орқали белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш имконияти яратилади.
Мазкур ҳолатга бефарқ бўлмай, атроф-муҳит тозалиги масалаларига эътибор қаратган жамоатчилик фаолларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, дейилади агентлик хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter