Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бухоролик ёшлар билан учрашди (фото)

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бухоролик ёшлар билан учрашди (фото)

2021 йил 31 май куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг Бухоро вилояти  Ромитан туманидаги ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Меҳриддин Абдуллаев мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг негизи ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаш устувор йўналишларидан бири эканлиги тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

– Фурсатдан фойдаланиб, эпидемиянинг мураккаб шароитларида ҳам қатъият, сабр-тоқат, ўрганишга, янги билимларни ўзлаштиришга тайёрлигингиз учун сизларга миннаддорчилик билдирмоқчиман, – деди «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. –  Ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ўйланманки, бу борада ўтган йили туман ҳудудида барпо этилган янги саноат ишлаб чиқариш объекти, яъни  «Газли» газни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши  ҳудуд ёшларини иш билан таъминлашда ўз ҳиссасини қўшди. 

Учрашувда иштирокчи ёшларга тизимдаги корхоналар эҳтиёжи учун юқори салоҳиятга эга, чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар учун белгилаб олинган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.  Жумладан, «IELTS» сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари келгусида олий ўқув юртларида тўлов-шартнома (контракт) асосида таълим олган тақдирда уларнинг тўлов-шартнома (контракт) маблағлари «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан тизим корхоналарида ишлаб бериш шарти билан қоплаб берилиши, олий ўқув юртини тугаллаганидан сўнг доимий иш ўрни билан таъминланиши маълум қилинди.

Учрашув давомида туманда ёшларни тизимдаги корхоналар эҳтиёжи учун муатахассис кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртлари қабул жараёнлари, нефт-газ корхоналарига ишга жойлашиш ва бошқа йўналишларда бир қанча таклиф ва мурожаатлар келиб тушди.

Шунингдек, ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан Ромитан туманидаги ёшларга компьютер жамланмалари, илм-фан, санъат, спорт, маданият соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган, шунингдек «Ёшлар дафтари»га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандларига тикув машиналари, велосипед, спорт анжомлари ва бошқа турдаги совғалар топширилди.

Учрашув кун тартибидаги масалалар юзасидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда Ромитан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда вакант иш ўринлари эҳтиёжи учун олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига маълум қилган ҳолда танлов ўтказилишига қарор қилинди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўзбек жанг санъати йўналиши қатнашчиларининг 6 нафарини 2021 йил ноябрда Туркия Республикасида ўтказиладиган халқаро мусобақада қатнашиш харажатлари қоплаб бериладиган бўлди.

Учрашув дориасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида тадбирлар ташкил этилди. Тадбирларда маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчан ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Улар спортнинг кураш, шашка-шахмат каби бир қатор йўналишлари бўйича ўзаро куч синашишди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг