“Чегаралар фақат хариталарда қолади” – АҚШда таҳсил олаётган ёш юрист Наврўзбек Тилабоев билан суҳбат
Бугун дунё эшиклари ёшлар учун тобора кенг очилмоқда. Аммо хориждаги нуфузли университетлар залига кириб бориш — бу шунчаки имконият эмас, балки йиллар давомида олиб борилган тинимсиз меҳнат, изланиш ва қатъиятнинг натижасидир. Айниқса, ҳуқуқ соҳасини танлаган ёшлар учун бу йўл янада масъулиятли.
Бугунги суҳбатдошимиз — АҚШнинг Иллинойс университетида (Университй оф Иллиноис Урбана–Чампаигн) магистратура босқичини якунлаган, корпоратив ва бизнес ҳуқуқи йўналишида изланишлар олиб бораётган ёш юрист Наврўзбек Тилабоев. У билан болалик орзулари, таълим йўли, Америка ҳуқуқ тизимидаги тажрибалари ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.
— Наврўзбек, суҳбатимизни болалик йилларингиздан бошласак. Ҳуқуқ соҳасига қизиқиш сизда қачон пайдо бўлган?
— Мен Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилганман. Оиламизда илмга, китобга бўлган ҳурмат алоҳида эди — ота-онам ҳар доим билим олишни ҳаётдаги энг катта сармоя деб билишган. Кейинчалик оиламиз Тошкентга кўчиб ўтди ва ота-онам мени ҳуқуқ йўналишига ихтисослашган 258-мактабга ўқишга беришди. Ўша мактаб менда ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишни уйғотган биринчи муҳит бўлди, десам адашмаган бўламан. Ўқитувчиларим, атрофдаги муҳит, дарсларда муҳокама қилинадиган мавзулар — буларнинг барчаси мендаги қизиқишни аста-секин аниқ мақсадга айлантирди.
— Мактабни олтин медал билан тамомлагансиз. Бу осон бўлмаган бўлса керак?
— Албатта, осон бўлмаган. Аммо мен буни ўзим учун шунчаки медал сифатида эмас, балки келажакка қўйиладиган биринчи мустаҳкам қадам сифатида кўрардим. Мактаб йилларимда аллақачон ҳуқуқ соҳасида етук мутахассис бўлишни мақсад қилиб қўйган эдим. Шу мақсад сари интилиш менга ҳам куч, ҳам сабр берди. Биласизми, ҳар бир ютуқнинг тагида кўринмайдиган кунлар — кеч тунлардаги машғулотлар, тинимсиз такрорлаш ва ўзингизни доимо жамлаб туриш бор.
— Бакалавр босқичини Тошкент давлат юридик университетида тамомлагансиз. Ўша йилларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
— 2020 йил Тошкент давлат юридик университетининг “Оммавий ҳуқуқ” факултети, “Давлат-ҳуқуқий фаолият” йўналишига юқори натижалар билан ўқишга қабул қилиндим. Бу танлов тасодиф эмас эди — мен ўзим учун аниқ йўналишни белгилаб олгандим. Бир мамлакат доирасида эмас, балки кенгроқ фикрлайдиган, турли ҳуқуқий тизимларни англай оладиган мутахассис бўлишни истардим.
Талабалик йиллари мен учун шунчаки дарс ва имтиҳондан иборат бўлмади. Ҳар бир фаннинг мазмунини ҳис қилишга, ундаги мантиқни англашга ҳаракат қилдим. Ҳаммуаллифликда илмий мақолалар ёздим, университет доирасидаги ҳуқуқий лойиҳаларда қатнашдим, халқаро онлайн конференсияларда иштирок этдим. Бу жараён менда мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантирди. Натижада бакалаврни 4.8/5.0 ГПА билан тамомлай олдим.
— Магистратурани АҚШда давом эттириш ғояси қандай пайдо бўлди?
— Бакалавр йилларимнинг охирига келиб, мен ўз билимимни янги босқичга олиб чиқишим кераклигини тушундим. Ҳуқуқни фақат бир тизим доирасида эмас, қиёсий нуқтаи назардан ўрганмоқчи эдим. АҚШ ҳуқуқ тизими эса мен учун айниқса қизиқарли эди — чунки тижорат ҳуқуқи, корпоратив бошқарув ва интеллектуал мулк масалаларида ушбу тизим дунёда етакчи ҳисобланади.
2024 йилда Университй оф Иллиноис Урбана–Чампаигн университетига грант асосида қабул қилиндим. Бу университет халқаро рейтингларда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳужжатлар топширган куним ҳали эсимда — натижани кутиш даври мен учун ҳам ҳаяжонли, ҳам масъулиятли бўлган.
— АҚШдаги таълим Ўзбекистондагидан қандай фарқ қилди?
— Энг биринчи сезган фарқим — бу ўқиш жараёнидаги ёндашув эди. У ерда талабага тайёр билим берилмайди, аксинча, изланиш, савол бериш, таҳлил қилиш кўникмаси шакллантирилади. Ҳар бир дарсда муҳокама, ҳар бир муҳокамада эса ўз фикрингизни далил билан асослаш талаб этилади.
Яна бир муҳим жиҳат — турли мамлакатлардан келган талабалар билан бир аудиторияда ўқиш эди. Ҳиндистонлик, хитойлик, эвропалик, лотин америкалик курсдошларим билан фикр алмашиш мени нафақат ҳуқуқий, балки инсоний жиҳатдан ҳам бойитди. Ҳар бир маданиятнинг ҳуқуққа қараши ўзига хос эканини ичкаридан тушуна бошладим.
— Магистратура даврида қайси йўналишларга кўпроқ эътибор қаратдингиз?
— Корпоратив-бизнес ҳуқуқи, интеллектуал мулк, тижорат сири, патент ҳуқуқи ва фуқаролик ҳуқуқи — мана шу йўналишлар бўйича чуқур изланиш олиб бордим. Айниқса, корпоратив бошқарув ва шартномавий муносабатлар мавзулари мени қаттиқ қизиқтирди. Чунки бугунги кунда бизнес ҳеч қачон бир мамлакат доирасида қолмайди — у табиатан глобал. Демак, юрист ҳам глобал фикрлай олиши керак.
Магистратура даврида олган билимларим энди мен учун шунчаки назария эмас — бу халқаро майдонда ишлаш учун зарур иш қуроли.
— Илмий фаолиятингиз халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. Бу ҳақда гапириб берсангиз.
— Бу менинг учун катта масъулият. “Сsиентифиs Аsадемй” илм-маърифат маркази томонидан МДҲ миқёсидаги “Келажак қаноти” халқаро эсдалик нишони билан тақдирландим. Шунингдек, “Эл-юрт фахри” халқаро илмий-амалий кўрик-танловида фаол иштироким учун “Эл-юрт фахри” нишони ва “Ёш тадқиқотчи” (“Молодой исследовател”) кўкрак нишони билан тақдирланганман.
Лекин мен ҳар қандай тақдирловни якуний натижа деб қабул қилмайман. Булар — йўлдаги белгилар, холос. Асосий мақсад эса ҳали олдинда.
— Замонавий ҳуқуқшунос учун сунъий интеллект ва рақамли платформалар қанчалик муҳим?
— Бугунги кунда бу — танлов эмас, зарурат. Вестлав, ЛехисНехис каби халқаро ҳуқуқий маълумот базалари билан ишлашни ўзлаштирмаган юрист халқаро майдонда рақобатга дош бера олмайди. Сунъий интеллект эса энди шунчаки ёрдамчи восита эмас — у бизнинг касбимизнинг иш жараёнини тубдан ўзгартирмоқда.
Шу сабабли мен ушбу воситалардан самарали фойдаланишни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Бу менга замонавий ҳуқуқий муҳитда эркин ҳаракатланиш имконини бермоқда.
— Эшитишимча, Ўзбекистондаги талабалар билан ҳам ҳамкорлик қилиб турасиз.
— Ҳа, бу мен учун алоҳида маънавий аҳамиятга эга. Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабалар учун онлайн машғулотлар ташкил этиб келаман. Бу машғулотларда мен ўзим олган билим ва тажрибани ёшлар билан баҳам кўришга ҳаракат қиламан.
Чунки билим — бу сарфлаган сайин кўпаядиган ягона бойлик. Ва мен ишонаманки, янги авлод юристларини шакллантириш — бугунги кунда ҳар бир изланувчи ёшнинг вазифасидир.
— Тилларни ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратаётганингизни биламиз.
— Бугунги кунда фақат бир соҳа мутахассиси бўлиш етарли эмас. Жаҳон талаблари инсондан кенг дунёқараш ва бир нечта тилларни билишни ҳам талаб этади. Мен инглиз тилини мукаммал даражада эгаллаш билан бирга, яна бир нечта хорижий тилларни ўрганиб, ўз имкониятларимни кенгайтириб бормоқдаман. Ҳар бир тил — бу янги бир дунё, янги бир тафаккур тарзи.
— Келажакдаги режаларингиз қандай?
— Мақсадим аниқ — халқаро ҳуқуқ, хусусан корпоратив ва бизнес ҳуқуқи йўналишида етук мутахассис бўлиб етишиш. Мен бу соҳада нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонда ҳам фаол иштирок этмоқчиман. Ўзбекистон бугун катта ислоҳотлар даврида. Корпоратив келишувлар, халқаро арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси каби йўналишларда мамлакатимизга жаҳон тажрибасини олиб кириш — бу менинг орзуларимдан бири.
Ва энг муҳими — изланишдан тўхтамаслик. Чунки юрист учун ўқиш мактаб билан ёки университет билан тугамайди. Юрист умрининг охиригача талабадир.
— Суҳбатимиз сўнгида ёшларга айтмоқчи бўлган гапларингиз?
— Айтмоқчи бўлганларим кўп, лекин энг асосийсини айтай: улкан натижаларга эришиш учун доимо катта имкониятларни кутиш шарт эмас. Муҳими — мавжуд имкониятларни кўра билиш, уларни қадрлаш ва тўғри йўналтира олишдир.
Менинг бугунги йўлимда учта таянч бор: аниқ мақсад, тинимсиз меҳнат ва ўз устида узлуксиз ишлаш. Оддий муҳитда, зиёли оила бағрида бошланган бу йўл мени бугун халқаро университетлар ва глобал илмий муҳитга олиб келди. Демак, бу йўл ёпиқ эмас — ҳар бир ўзбек ёши учун очиқ.
Инсон ўз устида ишлашдан тўхтамаса, чегаралар фақат хариталарда қолади, холос.
Суҳбатдошимизга самимий жавоблари ва бўлажак режалари учун миннатдорчилик билдирамиз. Наврўзбек Тилабоевдек изланувчан, дадил ва мақсадли ёшлар — бугунги Ўзбекистоннинг ҳақиқий юзи. Улар халқимиз номини халқаро майдонда баланд кўтариб юрган элчилардир.
Адҳамжон Қодиров суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter