Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Депутатлар курашга қўшилди. Мажбурий меҳнат Олий Мажлисда муҳокама қилиниши мумкин

Депутатлар курашга қўшилди. Мажбурий меҳнат Олий Мажлисда муҳокама қилиниши мумкин

Фото: «Xabar.uz»

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси, депутат Қодир Жўраев Каттақўрғонда ҳалок бўлган ўқитувчи воқеасига муносабат билдирди.

«Ўқитувчига нисбатан муносабат ўзгариши шарт!

Қадрли дўстлар, азиз ҳамкасблар! Охирги 2-3 кундан бери Самарқанд вилоятида ёш ўқитувчи — Диана Еникееванинг (синглимизни худо раҳмат қилсин!) бевақт ўлимига сабаб бўлган мудҳиш фожиадан сўнг мамлакатимизда таълимга, ўқитувчиларга бўлган муносабат тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўплаб юртдошларимиз ўқитувчининг жамиятимиздаги ҳозирги паст мавқеини алоҳида қайд этиб, ушбу ҳолатни кескин танқид остига олмоқдалар. Аксарият фикр-мулохазалар жуда ўринли, уларда жон бор.

Скрин: Facebook

Ҳаммамиз яхши биламиз, азал-азалдан халқимизда устоз ва мураббийлар ҳамиша қадрланиб, эъзозланиб келинган. Бироқ сўнгги ўн йилликлар давомида ўқитувчининг жамиятдаги обрўсига турли объектив ва субъектив сабабларга кўра анчагина путур етди. Бундай салбий ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини ковлаштирмаган ҳолда бир нарсани алоҳида айтмоқчиман: ўқитувчини унинг функционал вазифаларига кирмайдиган турли юмушлардан халос қилишимиз, унинг мавқеини юксалтириб, жамиятимизнинг энг обрўли, энг мўътабар аъзосига айлантириш йўлида қатор чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак. Кўча супуриш, дарахт оқлаш, фермерга кўмаклашиш ёки мактабни ремонт қилиш кабилар ўқитувчининг иши эмас. Ўқитувчини мажбурий-ихтиёрий характердаги турли жамаот ишларига жалб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

Энг аввало, ўз ҳамкасбларим — ҳурматли депутатларимизга мурожаат қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги тегишли муҳокамалар ва эшитувлар пайтида бу масалага алоҳида эътибор қаратишни илтимос қиламан. Зеро, жамиятдаги муаммолар кўпчилик томонидан, хусусан, сараланган қатлам — халқ вакиллари томонидан тан олиниб, кенг муҳокама қилинган тақдирдагина ҳал бўлиши мумкин!», деб ёзади депутат.


Мавзуга доир:

Самарқандда ихтиёрий-мажбурий меҳнатга жалб қилинган 23 ёшли ўқитувчи ҳалок бўлди

«Xabar.uz» суриштируви: 23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?

23 ёшли ўқитувчини уриб юборган ҳайдовчига «Xabar.uz» суриштирувидан сўнг жиноий иш қўзғатилди

Фожиа кўзимизни очмади ёхуд синалган усулдаги жавоб

Ҳалок бўлган ўқитувчининг оиласига қанча миқдорда товон пули тўланади?

Вазир ўринбосари: «Ўқитувчиларни тинч қўйинг!»

Президент матбуот котиби Самарқанддаги фожиа сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг