Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутатлар темир йўл соҳасидаги камчиликлар ҳақида гапирди

Депутатлар темир йўл соҳасидаги камчиликлар ҳақида гапирди

Фото: Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг темир йўл транспорти соҳасида давлат сиёсати ижроси, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш бўйича ахбороти эшитилди.

Мамлакатда темир йўл орқали ташишларга талаб ошиб бораётган бир пайтда мавжуд ҳаракат таркиби ва ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун етарли эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, темир йўл соҳасида давлат иштирокидаги корхоналарнинг устун мавқеи сақланиб қолаётгани ҳам танқидий баҳоланди. Депутатлар вазирликка вагонлар паркини кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш бўйича чораларни кучайтиришни тавсия қилди.

Муҳокамаларда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган темир йўл лойиҳаларини жадаллаштириш, янги йўналишлар ва инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишлар суръатини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Халқ вакиллари темир йўл тармоғини модернизация қилишда экологик ёндашувларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билдирди. Хусусан, «яшил технологиялар»ни жорий этиш ва темир йўлларни электрлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, соҳада рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида электрон хизматлар турларини кўпайтириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мажлис якунларига кўра, транспорт вазирининг ахбороти юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг