Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга чегара назорати ускуналари топширилди

Ўзбекистонга чегара назорати ускуналари топширилди

Фото: «Xabar.uz»

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури (BOMCA–10) доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор давлат идораларига умумий қиймати қарийб 215 минг еврога тенг техника ва махсус жиҳозлар тақдим этилди.

ЕИ делегацияси хабарига кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига топширилган «Регула» русумли паспорт ўқиш ускуналари, ҳужжат ҳақиқийлигини текшириш мосламалари ва 1003М-14 русумли лупа қурилмалари Ўзбекистоннинг Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктларида фойдаланилади.

Шунингдек, Ўзбекистон божхона қўмитаси институти, ташқи ва ички ишлар вазирликларига замонавий техник воситалар топширилган.

Мазкур дастур бўйича аввал ҳам паспорт, виза ва бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳимоя унсурлари ҳақиқийлигини текширишга мўлжалланган ускуналар тақдим этилган эди.

«BOMCA» (Border Management Programme in Central Asia) дастури 2003 йилда амалиётга жорий этилган бўлиб, у минтақа давлатлари ўртасида чегаралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Дастурдан кўзланган мақсад сарҳадларни идора этиш бўйича илғор усулларни жорий этган ҳолда, Марказий Осиёда чегара бошқаруви самарадорлигини ошириш, пировардида эса хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодий тараққиётга эришишдан иборатдир.

Дастур доирасида минтақа давлатларига техник кўмак кўрсатилади, ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилади, семинар-тренинг ва малака ошириш сафарлари уюштирилади.

BOMCA ЕИнинг ҳамкорлар консорциуми ҳамда миграция сиёсатини ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилади. Ҳамкорлар консорциуми Латвия Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати томонидан бошқарилади.

Ўзбекистонда ЕИ комиссиясининг техникавий ёрдамни мувофиқлаштириш бюроси, ташқи ва ички ишлар вазирликлари, ДХХ чегара қўшинлари, божхона қўмитаси каби идоралар BOMCA дастурининг миллий ҳамкорлари саналади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг