Фирибгарлик ва ўғрилик учун жазо оғирлаштирилмоқда
Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилмоқда.
Биргина мисол: 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган.
Бугунги кунда ушбу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номаланган 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда. Бироқ айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, аҳлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги, содда қилиб айтганда, жазо енгиллик қилаётгани маълум бўлмоқда.
Шу боисдан ушбу Қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилмоқда. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади. Ҳозир бу миқдор 100 дан 300 гача.
Ёки амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter