Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Мақсудий ва бошқа оилавий муносабатлар (4-мақола)
Йирик компаниялар — «соғин сигирлар»
Сиёсий арбобда виждон бўлмаса, бошқарувга тўғри ёндашмаса, ўз халқи ташвишларига қўшилиб ёнмаса, мақсад-нияти адолатдан куч олиб турмаса, ҳокимиятга эгалик хоҳиш-истаги билан лавозим масъулиятини англаш-тушуниш туйғулари ўртасидаги мувозанатни таъминлай олмаса, унинг лидерлиги мустаҳкам бўлмайди.
Гулнора гарчи ташқи ишлар вазири ўринбосарлигидан бошқа амалдаги ҳукумат тизимида бирорта муҳим лавозимни эгалламаган бўлса-да, Ўзбекистонда отасидан кейинги таъсирли кучга айланган эди.
Яширин қудратидан келиб чиқиб, бу ерда бизнес бошлашни истаган халқаро йирик компанияларни ҳам ўзи учун «зотдор соғин сигир» деб ҳисоблади. Улардан доимий равишда жуда катта миқдорда пора олиб турди, йўриғига юрмаганларга чиқиш эшигини кўрсатиб қўйишарди.
Гулноранинг ўзи учун оддий туюлган бизнеси эндиликда қудратли давлатларнинг бир-бирига босим ўтказувчи, Вашингтонни эса йирик компания ва корпорацияларни қулоғини чўзиб қўядиган ва катта жарима ундирадиган геосиёсий дастагига айланиб бормоқда.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)
Шу кунларда Россиядаги машҳур МТС телекоммуникация оператори Ўзбекистондаги бизнеси учун Гулнора билан олди-берди қилгани сабаб, АҚШ адлия вазирлиги ҳамда унинг қошидаги Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа бўйича комиссияси назоратига тушди. Энди компания иш судга оширилмасидан аввал келишувга эришишга мажбур бўлмоқда.
Аниқланишича, мазкур компания Ўзбекистонга кириб келиш ва бу ерда яхшилаб ўрнашиб олиши учун Гулнорага узоқ йиллар давомида жами 420 миллион доллар миқдорида пора берган. Айни пайтда компания бу ердаги саккиз йиллик фаолияти чоғида 2,4 миллиард доллар даромад олган.
Компания раҳбариятининг нафси тобора ўпқонлашиб борган Ўзбекистондаги хўжайини — Гулнора билан сўзи бир жойдан чиқмай қолгач, 2012 йилга келиб, республикадан бош олиб кетишга мажбур бўлади.
АҚШ томони бу кирдикорлари учун МТСни 850 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур қилмоқда. Бу пулларни МТС ҳозирда алоҳида захира фондида жамғариб қўйган ва уни тўлашга тайёр. Агар расмий Москва бунга қарши бўлмаса, албатта. Бироқ МТС АҚШга жарима тўламасликка қарор қилса, у халқаро бозорда ортиқ қололмайди ва табиийки касодга учрайди.
«Вымпелком» компанияси эса турли йилларда Гулнорага 114 миллион доллар беришга мажбур бўлганини тан олди.
Бундан ташқари, Швеция прокуратураси 2012 йил сентябрда тергов жараёнларини бошлаган «TeliaSonera» телекоммуникация компанияси собиқ ижрочи раҳбари Ларс Найбергни олайлик. Унга ҳам Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнорага 331 миллион доллар пора берган, деб судда айблов эълон қилинди.
Швециянинг 2012 йилгача бўлган қонунчилигига кўра, пора олувчи шахс давлат амалдори бўлсагина бу жиноят деб малакаланган. Ўзбекистон бозорида воситачи бўлган кимса эса Гулноранинг шотири Гаяне Авакян эди ва у ҳеч қандай амалдор бўлмаган. Пуллар 2007-2010 йилларда унинг «Takilant» оффшор фирмасига ўзаро ҳамкорлар сифатида ўтказиб берилган.
Қонунлар ортга қайтиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабаб Швеция суди айбловдаги компания раҳбарини «пора бермаган» деб оқлади. Лекин бу жараёнларнинг барчаси, Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги коррупция ҳолатлари, бир суд қўйиб, бошқасида мамлакатдаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида шов-шувли ишлар очилиши хорижий сармоядорларни чўчитмасдан қолмайди.
Гулнора Каримованинг кирдикорлари айрим банк-молия ташкилотлари обрўсига ҳам жиддий зарар етказди. Масалан, Голландиянинг ING банки аллақачон Швециянинг «ТеIiаSоnеrа» ширкати томонидан «пора бериш» иши доирасида судга тортилди ва 900 миллион доллар жарима тўлашга розилик билдирди.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)
Прокуратура мижозлар бу банкдаги ҳисоб-рақамлардан жиноятчилар ҳеч қандай тўсиқларсиз, ўз мақсади йўлида фойдаланиб келишган, банк эса бунга кўз юмиб, барча имкониятни яратиб берган, дея айб қўймоқда. Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Вымпелком» ширкатига пора сифатида берилган миллионлаб долларлар айнан ING банкидаги унинг ҳисоблари орқали амалга оширилган.
Бу каби ишларнинг Ўзбекистон номи билан боғланиши жуда ачинарли ва мамлакат имижига таъсир кўрсатувчи салбий ҳолатдир.
Мақсудий ва бошқа оилавий муносабатлар
Гулноранинг оиласи ҳақида гапирилганда, у доимо бу ишларнинг барчаси фақат унинг шахсий ҳаёти эканлигини ва уни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги айтиб келади.
Аммо ўзини давлатнинг биринчи раҳбари лавозимига чоғлаган арбобнинг шахсий ҳаёти бўлмайди. Унинг ҳар бир оёқ олиши, ишдаги ва оилавий муносабатлари, айтаётган сўзи-ю, кийган кийимигача жамоатчиликнинг диққат марказида туради.
Аввало, Гулноранинг биринчи турмуш ўртоғи ҳақида. Америкалик ўзбек, йирик тадбиркорнинг ўғли Мансур Мақсудий билан 1991 йилда никоҳдан ўтганидан кейин, куёв бўлмиш «Соса-СоLа»нинг Тошкентдаги ваколатхонасига директор этиб тайинланди.
Лекин уларнинг асосий ҳаёти АҚШда ўтди. 2001 йилгача — ўн йиллик биргаликдаги ҳаётлари давомида Нью-Жерсидаги уйларида яшашди. Ўрталарида икки фарзанд — Ислом (1992) ва Имон (1999) туғилди.
Оилавий муносабатлар тобора таранг тус олар, Гулнора табиатидаги қайсарлиги ва ўзига бино қўйиши билан аста-секин Мақсудийни назар-писанд қилмай қўйди. Кимсан президентнинг суюкли қизини ким ҳам тартибга чақиришга журъат қила олар эди.
Ниҳоят, оилавий можарога шахсан Президентнинг ўзи аралашгач, икки қуда ўртасига совуқчилик тушиб, оилага дарз кетди. Мақсудийларнинг Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олинди, ўзлари бир амаллаб қочиб қутилди, кўрилган зарар ўша давр ўлчамида жуда катта эди.
Бу дунёда ажрашган оила камми, дерсиз. Тўғри, оз эмас. Лекин бу ажрашиш сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон етакчиси Ислом Каримовнинг халқаро нуфузига таъсир қилмай қолмас эди.
Мансур Мақсудий ҳам болаларни ўз ихтиёрига олиш учун АҚШ судига Гулнорага нисбатан даъво қўзғади. Икки йиллик жанжалли суд ишида Мансур Мақсудий узил-кесил ютиб чиқди. Натижада Гулнора фарзандларни тарбиялаш ҳуқуқидан тўла маҳрум этилади.
Фарзандлар Мақсудийнинг васийлигига ўтиши керак эди. Аммо улар аллақачон АҚШ ҳудудидан олиб чиқиб кетилган, Ўзбекистонда яшар эдилар.
Мақсудий Гулнорани болаларни зўрлик билан ўғирлаб кетганликда айблади.
АҚШ суди қарори барибир бажарилмай қолиб кетди. Болалар онаси ихтиёрида қолди. Ўшанда президент Каримов анча тер тўкишига, ўз кучидан фойдаланишига тўғри келди ва орадан 9 йил ўтиб, болалар вояга етишгач, АҚШ суди ўз қарорини бекор қилди.
Эҳтимол, болалар отасида қолганида, Гулнора ҳам салгина бўйин эгиб, биринчи турмуши билан тинчгина яшаганида бошига шунча ташвишу муаммолар тушмасмиди, деб ўйлаб қоласан, киши... Лекин тақдири бошқа экан.
Кичик Ислом Каримов ота-онаси ўртасидаги суд икки йил эмас, етти йилга чўзилгани, отаси билан фақат бобоси вафот этганидан кейингина бориб кўришгани, қийин пайтда отаси уни ташлаб қўймаслигига ишониши ҳақида «Би-би-си»га интервью берган эди.
Лекин нега шунча йиллар ўтиб, айнан энди кўришгани, бу учрашувдан кейин ўроқда йўқ, машоқда йўқ Мақсудий жаноблари Гулноранинг хорижда музлатилган кўп юз миллионли пулларида ўз улуши борлиги, маблағларни унга қайтаришни талаб қила бошлаганида қизиқ боғлиқлик борга ўхшайди. Синглиси Имон ҳозирда АҚШ фуқаросидир. Йилига тўлови 30 минг доллардан кам бўлмаган пул тўлаб, Лондон иқтисодий мактабида таҳсил олади.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Халқаро санкциялар кучаймоқда (3-мақола)
Гулнора биринчи никоҳидан ажрашганидан сўнг маъшуқлари кўп бўлгани ҳақида халқ орасида миш-мишлар кўп тарқар эди. Бироқ бу ҳақда ҳеч ким очиқ айтмаган. Токи, бу ҳақда сўз очган борки, узоқ йиллик қамоққа маҳкум этилар эди. Бу ерда журналистик этика нуқтаи назаридан аниқ фактларсиз фикр айтишни ўринсиз, деб биламиз.
Гулнора кўкка парвоз қилаётган йиллари фуқаролик никоҳидаги Рустам Мадумаров номи бот-бот тилга олина бошлади. Рустам билан муносабатлари қачондан бошланган ва ўртасида қандай муносабатлар бўлгани ҳам номаълум.
Рустам Мадумаровнинг ота-онаси 1990 йилларда Тожикистондан юртимизга кўчиб келишган. Рустам асли турли тилларнинг қоришиғидан қўшиқлар айтадиган «Дадо» гуруҳи хонандаси сифатида донғи чиққан эди. 2014 йил май ойида у хориждаги оффшор компанияси орқали Гулнора билан қилган молиявий жиноятлари сабаб ҳарбий суд томонидан узоқ муддатга қамалади.
Аммо бошқа факт улар ўртасидаги фуқаровий никоҳни шубҳа остига қўяди. Ҳужжатлар улар ўртасида ҳақиқий никоҳ бўлганини тасдиқлайди. Швециядаги суд чоғида прокурор Рустам билан Гулнора ўртасида ажрашиш тўғрисидаги сертификатни тақдим этгани бунга яққол далил. Демак, улар фуқаролик никоҳида эмас, балки қонуний эр-хотин бўлиб яшаган, деган хулосага келиш мумкин. Лекин бу бир ниқоб бўлиши ҳам мумкин. Чунки Рустамнинг номига тўпланган Гулноранинг беҳисоб бойликлари кейинчалик «опа»нинг қонуний эгалигига ўтиши учун ажрашиш ёрлиғи ўзига хос кафолат ҳужжати эди.
Ахир улар чиндан ҳам биргаликда яшаган, ҳақиқий эр-хотин бўлишган бўлса, унда нима учун суд орқали аввалдан ажрашиб, уни сейфда яшириб келишган?
Яна бир нозик масала. Гулноранинг ўз синглиси, ҳозирда АҚШда уч нафар фарзанди билан яшаётган Лола Каримова билан 15 йил давомида мулоқот қилмагани ҳақида. Кичик Ислом «опа-сингил ўртасида кучли адоват туйғуларини бобоси яратганини, истеъдод бобида холаси ҳеч қачон онасига тенглаша олмагани»ни журналистларга маълум қилди.
Қизиқ, бобоси нима учун икки нафар жондай фарзандини, яъни опа-сингилларни бир-бирига қайраб қўйган экан?! Ахир ўзбек оиласида фарзандларнинг ноаҳил муносабатлари оқланмайди-ку?! Ота-она тириклигида улар юз кўрмас бўлиб кетишса, бу қанчалар оғриқли таъсир қилади?! Бутун Ўзбекистонни бошқарган инсон наҳотки ўз қизларини бир стол атрофида яраштиришга қодир эмас эди? Ўзи ҳақиқатдан улар орасида ола мушук ўтганмиди? Ёки бу ҳам кичик Ислом Каримовнинг ўйлаб топган навбатдаги уйдирмасими? Балки бу қийин саволга вақти келиб Лола Каримованинг ўзи аниқлик киритиб берар?..
Хуллас, фақат кичик Ислом онасининг қанча бойликка эгалигини, ҳисоб-рақамлари қаердаю, қанча маблағи борлигини жуда яхши билади. Онасининг нотариал тасдиқланган ва Ғарбдаги банкларнинг бири қутисидан чиққан тасдиқномага кўра, бу Гулноранинг барча бойликлари, агар унга бирор кор-ҳол юз берса, ўғли Ислом Каримовга мерос сифатида ўтказилиши ҳақидаги васиятномадир. Бу ҳужжатни Швеция судига прокурорлар тақдим этишганини оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳайронлик билан тасдиқлаган эди.
Бу бойликларни бошқалар олиб қўймаслиги, ўз номига легаллаштириш учун кичик Ислом онаси Гулнорани ўз мамлакатида ҳокимиятнинг сиёсий қурбонига айланаётгани, тазйиқларга учраётгани, ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилинаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Онасига нисбатан суд қарорлари мустақил тарзда чиқарилмаётгани, руҳий ва жисмоний босимлар ўтказилаётгани, бобосининг жанозасига боришни жуда-жуда истаганию, бироқ Ўзбекистонга кирса, уни ўлдиришлари мумкинлиги сабаб бора олмагани ҳақида чўпчак тўқишда давом этмоқда.
Гулноранинг халқаро ва маҳаллий адвокатларига мижози билан кўришиши учун ҳеч қандай тўсиқ қўйилгани йўқ. Агар чиндан ҳам неваранинг онасига ёки бобосига озгина бўлса ҳам меҳр-муҳаббати бўлганида, қўрқоқлик қилиб, Ўзбекистонга тош отмасдан, уларнинг зиёратига келиб-кетган бўлар эди.
Давоми бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter