Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ижтимоий давлат барпо этишнинг асосий пойдевори

Ижтимоий давлат барпо этишнинг асосий пойдевори

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган сиёсат олиб борилди.

Хусусан, охирги йилларда жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари фикримизга яққол далилдир. Бунда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва унинг даромадларини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифати жиҳатдан табақаланишига йўл қўймаслик ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим бериш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Алоҳида таҳсинга сазоворлиси, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ҳамда йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, аҳолининг мурожаатлари давлат органлари фаолиятининг диққат марказида бўлди. Бу каби ислоҳотлар ва халқчил чора-тадбирлар “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган чинакам халқпарварлик тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасида аҳолининг даромадлари изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлмоқда. Бунинг исботини одамлар ҳаётида, турмушида ҳис қилаётгани ва буни ҳозир ҳар қадамда эътироф этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда олиб борилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш, уларни қонун ҳужжатларида акс эттирилиши бўйича кўплаб таклиф-тавсиялар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уни замон талабларига мос равишда янгилаш масаласи кун тартибига қўйилди ва ҳозирда Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масала жамоатчилик муҳокамаси марказида бўлиб турибди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг энг муҳим жиҳати, унинг мамлакатимизда бозор муносабатларига асосланган ижтимоий жамият қуришга қаратилганлигидадир. Бош қомусимиз Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик жамият қуришнинг асосий гаровидир. Конститутуцияга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича илгари сурилган таклифлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар асосан “ижтимоий давлат қуриш” тамойилини мустаҳкамлашга қаратилган. Бироқ, эътиборлиси шундаки, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистонда ижтимоий соҳа ва фуқаролар эркинликларини таъминлаш йўлидаги тараққиётнинг бошланғич нуқтаси эмас, балки ўтган давр мобайнида амалга ошириб келинаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам бир заминдир.

Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. Ижтимоий давлат ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.

Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади. Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Ижтимоий давлатда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бежизга, “Уйи борнинг ташвиши йўқ, унинг бошпанаси бор” деган нақл халқимиз орасида бежизга айтилмаган. Таъкидлаш ўринлики, сўнгги беш йилда мамлакатимизда 500 мингга яқин уй-жойлар қўрилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича биринчи марта аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича келиб тушган кўплаб таклифлар асосида бош қонунимизда фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш бўйича ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу унинг оиласидир. Соғлом ва мустаҳкам оила – давлат таянчи ва жамиятнинг асосий бўғинидир. Бугунги глобаллашув замонида оила институтини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш зарурати тобора кучаймоқда. Бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида экани мустаҳкамлаб қўйилиши таклиф этилмоқда. Бунда, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши бўйича таклифлар ўртага ташланмоқда. Бу орқали оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкам бўлишига эришиш мумкин.

Бундан ташқари, Бош қомусимизда ёшларнинг манфаатлари, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарурлиги таъкидланмоқда. Бунда давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйилиши таклиф этилмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича давлат сиёсатини конституциявий асосда мустаҳкамлаш мақсадида Бош қомусимизга “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади” деган бандни киритилиши таклиф этилди.

Шунингдек, конституциямизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритиш таклифи ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайишида масъулиятни янада ошириш бўйича ижтимоий сиёсатнинг белгиси деб баҳолаш мумкин.

Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича билдирилаётган таклифлар орасида инсон саломатлиги ва соғлиқни сақлаш бўйича конституциявий кафолатларни янада кучайтириш юзасидан таклифлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Амалдаги конституциямизда белгиланган “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган умумий норма кенгайтирилиши зарурлиги аҳолидан келиб тушган кўплаб таклифларда билдирилган. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан бири, шак-шубҳасиз, ўз аҳолисининг соғлиғи ҳақида қайғуришдир. Зеро, фақат соғлом халқ ва миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

Бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг кейинги асосий йўналиши мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтаришдир. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан тенг фойдаланишлари, ҳаракатланишлари, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда тенг иштирок этишлари билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда, Бош қомусимизга ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнингконституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш таклифи билдирилмоқда. Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай шаклда ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим муассасаларида инклюзив таълим ташкил этилади” деган қоидаларни киритиш бўйича таклифлар берилмоқда.

Конституциянинг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича билдирилган таклифлардан хулоса шуки, мамлакатимизда инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури, манфаатлари улуғланадиган ижтимоий жамият барпо этишдан иборатдир. Конституциявий ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув бундан буён барча соҳаларда асосий тамойил бўлишига эришиш конституциявий ислоҳотларнинг бош мақсадидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг