Иш ўринларини ногиронлиги бўлганларга мослаштирган иш берувчиларга субсидия берилади
Адлия вазирлиги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва ссудалар ажратиш тартибини давлат рўйхатидан ўтказди. Янги ҳужжатга кўра, иш берувчиларга бир қатор йўналишлар бўйича молиявий қўллаб-қувватлаш берилади.
Жумладан, бандлик бўлими йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатлари учун ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 4 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини белгиланган меъёрдан ортиқ ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 12 ой мобайнида ҳар ой БҲМнинг 2 баравари миқдорида маблағ берилиши белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирган иш берувчилар ҳар бир иш жойи учун БҲМнинг 40 бараваригача субсидия олади.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳам қўшимча рағбат белгиланди. Агар мазкур шахс 3 ойдан ортиқ ишласа, иш берувчига бир марталик БҲМнинг 3 баравари миқдорида маблағ ажратилади.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун халқаро ва миллий сертификатлар олиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача қоплаб берилади.
Қарорда ногиронлиги бўлган шахсларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ҳам янги механизм назарда тутилган. Уларга жиҳоз, асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари харид қилиш, интернетга уланиш ҳамда бизнес бошлаш ёки кенгайтириш учун фоизсиз ссуда берилади.
Ссуда 3 йилгача муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 75 бараваригача миқдорда ажратилади. Бу орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил даромад топиши ва меҳнат бозорида фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Талабгорлар субсидия ва ссудаларни олиш учун «my.gov.uz», «Ягона миллий меҳнат тизими» ҳамда «Online mahalla» электрон платформалари орқали мурожаат қилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter