Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Жонли эфир узилгач, нима гаплар бўлди?

Жонли эфир узилгач, нима гаплар бўлди?

Фото: Халқаро пресс-клуб

Менга энг кўп берилаётган савол шу ҳозир.

Ўзи ғалати занжир реакцияси кузатиляпти: АОКА сайтларга хат чиқарди – саволлар туғилди, унинг оқибатларини бартараф этиш учун баёнот чиқди – саволлар тўхтамади, ХПКда давра суҳбати уюштирилди ва яна саволлар пайдо бўлди. Улардан ҳозир менга энг кўп берилаётгани: нега жонли эфир узилиб қолди? Эфир узилгач, нималар бўлди ва уни кенг омма тўлиқ кўра оладими?

Аввалига фикримни айтай: шахсан менинг назаримда ҳозир муаммо ахборот олишдан кўра кўпроқ, олинган ахборотларни узатиш ва хулосаларни айтишда. Яъни, давлат идораларида очиқлик бирмунча таъминланган, ахборот хизматлари, турли порталлар, матбуот анжуманларию пресс-турлар бор. Бироқ шу ахборотни олиш, қайта ишлаш, фактлар билан ўйнаш, контекстдан узиш, номувофиқ сарлавҳалар қўйиш кабилар бир томон, танқидий фикрлар ва хулосаларни зарбулмасал қилмай, очиқ айтиш ва кейин у айтилган гаплар ўчириб юборилмаслиги бошқа томон – муаммолар шу чегараларда. Шунинг учун матбуот котибларининг малакасини ошириш керак бўлса-да, ҳозир асосий муаммо бу эмас (менимча).

Ахборот майдонидаги муаммоларга ҳам матбуот котибларининг малакасидан кўра кўпроқ таъсир қилаётган бошқа омиллар бор. Ҳозир асосий муаммо ахборот маконида томонларнинг ўйин қоидаларини келишиб олиб, уларга оғишмай амал қилишида.

Давра суҳбатига қайтсам.

Жонли эфир узилгач, мунозара ва муҳокамалар бошланди. «Ўзбекистон24» журналисти Нозима Тошпўлатова (доим журналистиканинг юқори стандартларини гапириб келгани учун ҳурмат қиламан шу қизни) бугун энг катта аудиторияга эга «Kun.uz» ахборот портали билан кўнгилочар телеграм каналлари аудиторияси кўламини мисол келтириб, жиддий журналистикага ўқилмай ва эшитилмай қолиш хавф солаётгани ҳақида гапирди.

Блогер ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов журналистик фаолиятга тазйиқ ўтказганлик учун жавобгарлик жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдири билан қизиқди. Содиқ  Сафоев бу масала кун тартибида турганини маълум қилди.

«Адабиёт» газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Карим газетанинг сохта нусхалари чоп этилгани ва бу ҳолат етарлича ўрганилмагани масаласини кўтарди. С.Сафоев бу вазият албатта назоратга олинишини айтди.

Мавжуда Мирзаева журналистларга босимлар бўлаётгани, хусусан, ўзининг ишдан бўшатилганини айтди. Анора Содиқова ОАВнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун махсус давлат ташкилоти яна қайси давлатларда бор деб сўради. Акмал Саидов давлатнинг ОАВ фаолиятини мувофиқлаштириши барча давлатларда бор деб жавоб берди.

Яна бир журналист «Ички цензурани йўқотиш учун ташқи цензурани йўқотиш керак» деган қизиқ тезисни илгари сурди. Қолганларга микрофон тегмади, вақт етмади.

Тез орада журналистлар ва блогерлар учун муҳокама портали очилиши ва ўша ерда бемалол фикр алмашиш имконияти яратилиши ваъда қилиниб, тадбирга якун ясалди.

Модератор Шерзод Қудратхўжаев жонли эфир узиб қўйилишига сабаб қилиб регламентни ва эфир учун олинган вақт тугаганини айтди («Youtube»га тўғридан тўғри трансляцияни улаб қўйиш мумкин эди, масалан).

Шахсий фикрим: модератор тадбир регламентини ва унга ажратилган вақтни аввалдан билар эди. 2 соатлик тадбир учун 12 та(!) спикер чақириш мақсадга мувофиқмиди? Хушнуд айтганидек, расмийлар узоқ гапиришлари тўғримиди? 2 соат маърузалар ва 20 дақиқа саволлар – бу мувозанатсизлик, ҳар ҳолда.

Сўз эркинлиги учун қилинган ишларни ва бўлаётган ўзгаришларни мен шахсий тажрибамдан кузатиб келмоқдаман: 20 йилдан бери шунинг ичидаман. «Навоий 30»даги бош цензордан муҳр бостириб келинадиган замонлардан тортиб, бугун расмийларга тикка савол бериладиган даражагача – бари кўз олдимдан ўтди. Фикр айтиш эркинлиги бугунги даражада шахсан менинг тажрибамда, аввал кузатилмаган. Буларни эътироф этмай иложи йўқ. Айнан шу очиқлик ва эркинлик янги Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини ҳам оширди.

Бироқ барибир бу кам, ОАВ ва блогерлар кўпроғини истайди, яъни соҳада ривожланиш динамикаси сусаймаслиги керак. Бугунгидек тадбирлар айнан шу муждани етказиш учун зарур.

Фақат уларни ниятларимиз самимий эканига саволлар қолдирмайдиган даражада ташкиллаштириш лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг